ТАБИАТ МУҲОФАЗАСИ ЙЎЛИДА

2-февраль – Бутунжаҳон сувли-ботқоқли ҳудудлар куни муносабати билан вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан Айдар-Арнасой кўллар тизимига пресс-тур ташкил этилди. ОАВ вакиллари ва журналистлар иштирок этган пресс-тур давомида қайд этилганидек, сувли-ботқоқли ҳудудлар табиатнинг ажралмас бўлаги саналади. Улар сайёрамизда экологик мувозанатни сақлаш, озиқ-овқат ва бошқа истеъмол маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни қондириш, биологик хилма-хилликни таъминлаш, жамиятни барқарор ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. 

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, Ўзбекистон 1971 йил 2 февралда Эроннинг Рамсар шаҳрида сувда сузувчи қушларнинг асосий яшаш манзили бўлган халқаро аҳамиятга эга сувли-ботқоқли ҳудудлар тўғрисида қабул қилинган халқаро конвенция аъзоси ҳисобланади. Ўзбекистон ҳудудида жойлашган Денгизкўл 2002 йилда, Aйдар-Aрнасой кўллар тизими 2008 йилда, шунингдек, Қуйимозор ва Тўдакўл сув омборлари 2020 йилда Рамсар конвенцияси рўйхатига киритилган. 

2008 йил 20 октябрь куни Рамсар халқаро конвенциясининг ўнинчи конференциясида кўллар тизимининг 63,3 минг гектар ер майдонида Арнасой орнитологик буюртмахонаси ташкил этилган ва ушбу ҳудудга халқаро муҳофаза этиладиган кўллар мақомини белгиловчи 1841 сонли сертификати берилган ва сув ботқоқ қушларининг қишлаш жойи сифатида эътироф этилган.

Кўллар тизимининг умумий майдони 370 минг гектар, узунлиги 168 километр, ўртача кенглиги эса 25-30 километрни ташкил этади. Энг чуқур қисми 30-50 метрни, ўртача чуқурлиги 7 метрни ташкил этади, - дейди вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Замира Абдуллаева. - Айдар-Арнасой кўллар тизимининг сувли-ботқоқли ҳудудлари ўзига хос флора ва фаунаси билан ажралиб туради. Бугунги кунда сув ўтлари ва балиқлар билан озиқланадиган 100 дан зиёд турдаги қушлар бор. Ҳар йили декабрь, январь-март ойларида бу ерга 400 га яқин қуш турлари қишлаш учун учиб келади. Хаттоки, сўнгги йилларда Оролбўйи ҳудудларидан пушти ранг фланминголарнинг учиб келиши ҳам кузатиляпти.

Бугунги кунда, Айдар-Арнасой кўллар тизимининг экологик ҳолатини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар алоҳида аҳамият касб этади. Жумладан, кўллар тизими қирғоқлари бўйидаги 800 гектар ерда дарахт ва буталар экилмоқда. Айдар-Арнасой кўллар тизими шу ҳудуддаги табиат мувозанатини сақлаб туришда муҳим аҳамият касб этади. Шунинг учун бу кўлларни асраш табиат олдидаги сизу бизнинг инсонийлик бурчимиз ҳисобланади.


Авторизация