Табиатнинг ўзи мўжиза. Борлиқ у билан боғлиқ. Усиз дунёни тасаввур қилиб бўлмайди. Яна унда гўзаллик бор, ҳаёт бор...
Ноёб арчазорларни ва арчазорлардаги ҳайвонот дунёсининг табиий ҳолда сақланишини таъминлаш мақсадида 1928 йилда Туркистон тоғ тизмасида Зомин давлат қўриқхонаси ташкил этилди. Дастлаб 10 минг гектар майдонда ташкил этилган қўриқхона ҳудуди бугунги кунга келиб 26 921 гектарга етди.
“Зомин давлат қўриқхонаси” Жиззах вилоятининг Бахмал ва Зомин туманлари ҳудудида жойлашган бўлиб, Бахмал ўрмон хўжалиги, “Бахмал” фермерлар уюшмаси, Зомин ўрмон хўжалиги, “Зомин миллий табиат боғи”, қўшни Тожикистон Республикаси билан чегарадош.
Ҳудудда уч турдаги – Зарафшон, Туркистон ва ярим шарсимон арчалар табиий равишда ўсади. Бу ерда 1216 турга яқин ўсимликлар ҳам бор. Уларнинг 21 тури Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган.
Маълумотларга кўра, қўнғир айиқ ва Туркистон силовсини Халқаро табиатни муҳофаза қилиш Иттифоқининг “Қизил китоби”дан жой олган. Ўзбекистон Республикасининг “Қизил китоби”га эса қўнғир айиқ, Туркистон силовсини, тоғ эчкиси, тасқара, қора лайлак, болтаютар, бургут, кичик бургут, итолғи, оқбошли қумой, маллабош лочинлар киритилган. Арчали кенгликлар қушларга бой, сут эмизувчилардан бу ерда бўри, тўнғиз, қуён, оддий кўрсичқонлар доимий яшайди. Юқори тоғликлар, арчазорлар бағрида айиқларни болалари билан учратиш мумкин.
Яқинда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Жиззах вилояти бўлими ташаббуси билан Зомин давлат қўрихонасига Пресс-тур уюштирилди. Унинг доирасида матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳудудда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар. Тадбир давомида табиатнинг ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш, уларнинг асраб авайлаш ва келажак авлодга безавол етказиш борасида кенг жамаотчиликни ҳам жалб қилиш масалалари муҳокама этилди.
Зомин давлат қўриқхонасида экологик тарғибот, жамоатчилик билан алоқалар ва экотуризм бўйича мутахассиси Оқилбек Суюновнинг таъкидлашича, қўриқхонанинг 22 673 гектар майдони арчазор билан қопланган бўлиб, “Кўлсой” айланмаси бу ердаги арчалар энг қуюқ жойлашган ҳудуд ҳисобланади. Йилдан-йилга ерости сувларининг камайиб кетиши натижасида, ушбу ноёб дарахтларга ҳам маълум маънода зарар етмоқда. Бу йилги ёғингарчилик эса қўриқхона хизматчиларини анча хушнуд этаяпти. Демак, намгарчилик етарли даражада бўлса, табиий дарахт ва ўсимликларнинг яшовчанлиги ҳам ортади.
Бироқ, табиат қонуни эканда, тоғ ва арчазорларга қалин қор тушиши оқибатида ҳайвонот олами бироз талофат кўриши эҳтимоли бор. Ҳайвонлар ҳавонинг кескин совуб кетиши ва ҳудудга қалин қор тушиши натижасида озуқа излашлари табиий. Ана шундай пайтда қўриқхона ходимлари бу ерда қатор биотехник тадбирларни ўтказишади. Бу галги шундай тадбирларда журналистлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам иштирок этишди.
- Бунда асосан ҳайвонларнинг изларига қараб ва озуқа излаш муҳитлари юқори бўлган жойлар ҳисобга олинади. 15 га яқин шундай нуқталар ташкил қилинган. Бугун ҳам худди шу жойларга омухта ем, туз ва дағал хашаклар ташлаб чиқамиз. Токи, табиат ҳаммамизнинг уйимиз. Шундай экан, уни асраш ҳам ҳар биримизнинг бурчимиздир, - дейди Оқилбек Суюнов.
Дарҳақиқат, бугунгача сайёрамизда юз берган экологик муаммолар, танглик ва инқирозлар маълум маънода инсонларнинг табиат неъматлари, бойликларидан шафқатсизларча фойдаланиши, атроф-муҳитга эътиборсиз қарашимиз билан боғлиқ эканлиги кундек равшан. Шундай экан, соғлом муҳитда яшаш мусаффо ҳаво, тоза сув, бутун табиатни муҳофаза қилишни, уларни асраб-авайлашни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.
Саид Донишев