ЖАМИЯТ КУШАНДАСИ ЁХУД ИСЛОҲОТЛАР ЎЗ САМАРАСИНИ БЕРЯПТИМИ?

Хуш келибсиз, бизнинг......га! Қадамларингизга ҳасанот! Пойқадамингизга  қўй сўяйликми ёки жонлиқ тортиқ қилиш керакми?

Гоҳи-гоҳида қулоғимизга чалинадиган “теша тегмаган” гап-сўзлардан ёқамиз ғижимланавериб, пойи-патаги чиқиб кетади. Нимага дейсизми? Унда эшитинг.

Эшматнинг яшаш жойи шундай маконки, пулинг бўлса ошиғинг олчи.“Бер-беристон” мамлакатида мазза қилиб яшайсан. Бирор амал курсиси борми, ёки яп-янги машина мингинг келадими, ҳеч бир “проблема”сиз ишинг битади.

Дарҳақиқат, “олиб қўйинг”, “суюнчи пули”, “хизмат ҳақи”, “томоқ оши”, “амал пули” каби атамалар кундалик ҳаётимизнинг, балки қон-қонимизга сингиб кетган тушунчалар эди. Ҳар ҳолда Қонун ва эътиқод билан мустаҳкамланиб боарётган жамиятда Эшматга ўхшаганларнинг ҳаёти туш бўлиб қолди.

Аммо ортга бир назар ташлаб, коррупция бўйича қатор “қорни катталарнинг” “еб қўйган” маблағларини эслаб ўтсак.

Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ҳисоботига кўра, ўтган йили жами 1723 та ҳолатда мансабдор шахслар жиноий жавобгарликка тортилган ва коррупция оқибатида 500 миллиард сўмлик моддий зарар етказилган. Шундан 71 фоизи (355 миллиард сўм) айбдорлардан тергов давомида ундирилган.

Охирги икки йиллик рақамларга назар солсак, 2021 йилнинг 6 ойи мобайнида 2544 нафар мансабдор шахсга нисбатан коррупция ҳолатлари билан боғлиқ 1676 та жиноят иши тергов қилиниб, судга юборилган. Улар ҳозиргача қанча зарар етказгани маълум эмас, балки йиллар давомида билиб олармиз. Бундан ташқари, агентлик ушбу давр мобайнида мансабдорлари энг кўп коррупцияга қўл урган вилоят(лар)ни ҳам маълум қилди. Унга кўра, Тошкент вилояти — энг коррупцияга ботган ҳудуд ҳисобланади

Ушбу давр мобайнида энг кўп жиноий жавобгарликка тортилган мансабдорлар фаолият юритган ҳудудлар учлиги сифатида Тошкент (274), Самарқанд (173) ва Жиззах (170) вилоятлари қайд этилган.

Мансабдорлари энг кам коррупцияга қўл урган вилоят сифатида эса Бухоро қайд этилган. У ерда 19 та  ҳолат содир бўлган.

Йил бошида коррупция ҳолатлари ҳақида хабардор қилиш имконини берувчи махсус дастурий таъминот ишга туширилди. Коррупцияга оид мурожаатлари асосида eanticor.uz  дастурий таъминоти орқали фуқароларнинг вазирлик, идоралар, вилоят ва туманларнинг статистик рейтингини кузатиб бориш имконияти яратилди. Бундан ташқари, яна бир янги лойиҳа - “Ўзбекистонда биринчи антикоррупция лабораторияларини яратиш” лойиҳаси доирасида тадқиқот ўтказилди.

Охирги 3 йил давомида болаларни мактабга қабул қилиш босқичида коррупциявий хавф-хатарларни ўрганиш бўйича тадқиқот натижаларининг жамоатчилик муҳокамаси ташкил этилди. 

Мазкур тадқиқот “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти (Словения) ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда биринчи антикоррупция лабораторияларини яратиш” лойиҳаси доирасида ўтказилди.

Тадқиқотнинг биринчи босқичи сўровнома ва интервью шаклида ўтказилди. Унда асосий эътибор болаларни бошланғич мактабга қабул қилишда коррупция хавфи ва ҳалолликни баҳолашга қаратилди.

Натижа ёмон эмас. Ислоҳот барибир ўз сўзини айтмоқда. Ҳеч бўлмаса уят, андиша ёхуд ўз амалидан айрилиб шарманда бўлиб қолишдаги фобия инсонни ўз устида ишлашига, нафсини енгишида ёрдам бериб қолар.

 Дунё тажрибасига эътибор қаратсак:

- 2003 йил 9 декабрь куни Мерида шаҳри (Мексика)да Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташаббуси билан Коррупцияга қарши кураш бўйича халқаро конвенция имзоланган.

2003 йил БМТ Бош Ассамблеясининг 53-сессиясида қабул қилинган резолюцияга мувофиқ, ушбу кун Коррупцияга қарши курашиш халқаро куни деб эълон қилинган.

 Халқаро Стандартлаштириш ташкилоти томонидан 2016 йилда ISO 37001:2016 Коррупцияга қарши бошқарув тизими жорий қилинган. Шунингдек, 2020 йилнинг 7 сентябрь куни Адлия вазирлиги Ўзбекистоннинг давлат органлари ичида биринчи бўлиб ISO 37001:2016 фаолиятининг барча йўналиши “Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими” халқаро стандартига мувофиқ деб баҳоланиб, халқаро реестрга киритилган ҳамда тегишли сертификатга эга бўлган. 

Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2023-2024 йилларга мўлжалланган Давлат дастурига кўра, 30 та бўлимга эга бўлган тизимли режада "Очиқ Ҳукумат ҳамкорлиги" халқаро ташкилотига аъзо бўлиш масаласи бўйича асослантирилган таклиф ишлаб чиқиш ҳақида келтирлган. Унга кўра, жорий йилнинг феврал, апрел, июн ойларида ушбу халқаро ташкилотга аъзо бўлиш учун ишчи гуруҳи ташкил қилиниши ва аъзолик мақомига эга бўлиш мақсад қилинган.   Ишонамизки, жамиятимиздаги ҳар бир шахс соғлом давлат учун атроф-муҳитдаги қинғир, пора аралашган воқеликка бефарқ бўлмайди ва нафақат Халқаро ташкилот  аъзолигига сайланишига, балки виждон хотиржамлигига ҳам эришади!

Коррупция — жамият кушандаси! Уни ёнидан ҳам, бошидан ҳам чопиш керак. Зеро, келажак авлод ҳалол ва адолатли жамиятда улғайсин.

 

Чўлпоной Аҳмедова


Авторизация