СОҒЛОМЛИК ҚАНДАЙ ОЗИҚЛАНИШГА БОҒЛИҚ

Хозирги кунда онгимиз, тафаккуримиз тобора юксалиб бораётган бир даврда яшар эканмиз, ташқи омиллар хаётимизга ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Бунинг натижасида турли касалликлар, асаб хужайраларининг заифлашуви, эрта қариш каби ҳолатлар юз бермоқда. Бунинг олдини олиш, гўзал қалб ва ташқи кўринишга эга бўлиш учун албатта соғлом турмуш тарзига риоя қилиш муҳимдир.

Айниқса болаларнинг соғломлиги уларнинг овқатланиш рациони кўрсатгичи билан аниқланади ва бу ЮНИСЕФ ва ЖССТ томонидан ишлаб чиқилган.   Соғлом ўсиш ва ривожланиш учун болалар 8 та гурухга мансуб махсулотларнинг камида 5 тасини истеьмол қилиши лозим. Бу махсулотлар: 

-кўкрак сути; 

-дон махсулотлари ( илдиз мевалилар, резаворлар, тропик мевалар); 

-дуккаклилар ( ёнғоқ ва уруғлар); 

-сут махсулотлари; 

-гўшт махсулотлари; 

-тухум; 

-А витаминига бой мева ва сабзавотлар; 

-бошқа мева ва сабзавотлардир.

Агар болалар ушбу махсулотлардан 2 та гурухини тановвул қилса, улар овқатланиш  билан боғлиқ ўта қашшоқ аҳволда, 3-4 махсулотни истеъмол қилса, улар мўтадил аҳволда, 5 ва ундан ортиқ бўлса улар қашшоқ аҳволга тушмаган ҳисобланади.

Маълумотларга қараганда Ўзбекистон болаларнинг тўйиб овқатланиши буйича 2-ўринда, яни ўртача бўлган гурухга киритилган. Хўш, жаннатмакон юртимизда ҳар фасл ўз ўрнида, иқлими ажойиб, мева-ю сабзавотларга бой бўлган бир даврда нега энди болаларимиз етарлича зарур махсулотларни истеъмол қилмаяпти? Ўз-ўзидан маьлум бўладики, биз катталар тўғри турмуш тарзига амал қилмас эканмиз, ёш авлод ҳам шу зайлда давом этади. Қачонки, биз тўғри овқатланишга, соғлом ҳаёт тарзига риоя қилсак, келажагимиз пойдевори бўлган болаларимиз ҳаётини, орзуларини, умр йўлларини юксаклик сари йўналтирамиз.

   Яна бир бор маълумотларга юзланадиган бўлсак, ҳозирги кунда бозорларимиз, дўконларимиздаги 75% махсулотлар шакардан ташкил топган. Дарҳақиқат, шакарнинг иккинчи номи "оқ ажал" эканлиги биз учун сир эмас. Шакарни меёридан ортиқ истеьмол қилиш юрак-қон томир касалликлари, қандли диабет, жигарда ёғ тўпланиши, эрта қариш каби ҳолатларини келтириб чиқаради. Шакарнинг кунлик  меёри ўрта ёшдаги инсон учун 25 граммни ташкил этади. Газланган ширин ичимликлар (соса-кола, яхна чой)нинг бир пиёласида 25 грамм, бир дона печенеда 5-6  граммгача шакар мавжуд. Биз кун давомида таркибида шакар мавжуд бўлган ўнлаб маҳсулотларни истеъмол қиламиз.  Дунё олимларининг хабар беришича, агар одамзот шакардан шу зайлда фойдаланишда давом этса, 2035 йилга бориб дунёнинг ярим аҳолиси ортиқча вазндан азият чекади. Онгли равишда ўйлаб кўрсак нималарни истеъмол қиляпмизу, нималардан воз кечганмиз? Харид қилаётганларимиз ичимлигу, ширинликлар, ҳар хил ярим тайёр маҳсулотлар ўрнини мева-ю сабзавотлар, витаминга бой табиий озуқаларга алмаштирсак қандай ўзгаришлар содир бўлар эди? 

Хулоса қилиш ўзингиздан. Зеро, бизга берилган   танамизни авайлаб-асрашимиз, ҳар қандай яхшиликни аввало, ўзимиздан бошлашимиз, омонат берилган жисмимизга гўзал муносабатда бўлишимиз муқаддас вазифаларимиздан биридир.

 

Махбуба Бахтиёрова,

Термиз Давлат университети, Ўзбек филологияси факультети талабаси.


Авторизация