МАШЪУМ КУНЛАРГА ГУВОҲ БЎЛГАН МАСКАН

   Жиззах қўзғолони... Бутун ўлкада бўлгани каби Жиззахда ҳам  зулм-зўравонлик, адолатсизлик авж олган эди. Маҳаллий аҳоли ерлари тортиб олиниб, сув солиқлари кескин оширилди, суғориш иншоотлари қаттиқ назоратга олинди, яйловлар қисқартирилди... Кишиларнинг иқтисодий аҳволи шу даражада танг ҳолатга келган бир пайтда “ўлганнинг устига чиқиб тепкан” қабилида иш кўрган император Николай II 1916 йилнинг 25 июнида “Империядаги рус бўлмаган эркак аҳолининг ҳаракатдаги армия районида мудофаа ишлари ва ҳарбий алоқа йўллари қуриш учун олиб бориладиган ишларга, шунингдек давлат  мудофааси учун зарур бўлган бошқа ҳар қандай ишларга жалб қилиш ҳақида” фармон чиқарди. Табиийки, мазкур фармоннинг эълон қилиниши аҳоли ўртасида қонли воқеалар келиб чиқишига сабаб бўлди. Бўлиб ўтган барча ғалаёнларининг, жумладан, Жиззах қўзғолонининг ҳам асл мақсади – мустақил бўлиш, озодлик йўлида бирлашишдан бошқа нарса эмас эди...

   Хуллас,  оддий меҳнат қуроллари ва калтак билан қуролланган халқ қўзғолони бостирилди. Унинг раҳнамолари ва иштирокчилари аёвсиз жазоланди. Кўпчилиги шаҳар марказида қурилган ҳибсхонада вақтинча сақланди ва кейинчалик улар ерости йўллари орқали махсус қатлгоҳларга олиб чиқилиб, отиб ташланган... 

   Шу пайтгача кўпчиликка маълум қилинмаган ушбу ҳибсхона 1912 йилда Жиззах уезди Чор Россияси томонидан эгаллаб олингач “Сангзор” даёсининг жанубий қирғоғида, “Губернатор Кучерский” биноси, “Православ-христиан черкови, “Қизил казарма” ва “Қизил армия чақирув пункти” бинолари билан бир пайтда қурилган. 

 


  - Бу объект ҳақида талабалик вақтларимда эшитган эдим. Ушбу бино нимага хизмат қилгани, қандай машъум кунларга гувоҳ бўлгани ҳақида бугунгача тўлиқроқ, очиқроқ маълумотлар йўқ эди. Бош прокуратура ва қатағон қурбонлари хотираси музейи ходимларидан иборат ишчи гуруҳ олиб борган изланишлари натижасида маълумотлар ўз тасдиғини топди. Умумий олганда Жиззах қўзғолони доирасида 50 нафардан ортиқ инсон ўлимга ҳукм этилган. Яна шу нарса маълум бўлдики,  биргина мана шу ҳибсхонадаги хоналар 3-4 кишини сақлашга мўлжалланган бўлсада, лекин ўша маҳалларда 20-30 киши сақланган, - дейди Жиззах қатағон қурбонлари хотираси музейи директори Бахтигул Эргашева.

   1916 йил воқеликларига гувоҳ бўлган, ўша машъум кунлар руҳи сақланиб қолган топилманинг очилишида прокуратура органларининг ҳам алоҳида хизматлари бор.

   - Ушбу объект ўз вақтида қизил армия штаби ва турмаси деб номланган. Маълумотларни ўрганиш жараёнида ватанимиз мустақиллиги, эрки учун курашган инсонлар бу ерга олиб келиниб, тергов ўтказилиб, ҳаттоки қийноққа солиниб қатл этилган. Бу ерда ҳозирда 16 та маҳбуслар сақланадиган камералар ва 1 та тергов хонаси мавжуд. Дастлаб бу ерга келганимизда ходимлар ертўла михлаб ташланганлиги, ҳеч ким у ерга киришга ботина олмаслигини таъкидлашди. Ҳақиқатдан ҳам бинога кирсангиз бу ерда жуда оғир муҳитни ҳис қиласиз. Ахир қанчадан-қанча бегуноҳ, халқимизнинг эрки, озодлиги учун ўз жонидан кечган миллатпарварларимизнинг руҳи бор, ушбу масканда, - дейди Жиззах вилояти прокуратураси бўлим бошлиғи Раҳимжон Маҳамов. 

   Биз Жиззах қўзғолони ҳақида қайсидир даражада биламиз, ўқиганмиз, эшитганмиз. Бироқ, ана шу қонли кунлар шоҳиди бўлган, қўзғолон қандай бостирилганлигидан гувоҳлик берувчи маскан музей сифатида қолиши зарур. Мустамлакачилик сиёсатининг ғайримиллий, ғайриинсоний сиёсатини аниқ, тиниқ, ҳаётий факт ва воқеликлар асосида янада чуқурроқ ўрганишимизда бу каби объектларнинг аҳамияти жуда катта. Зеро, халқимизнинг шонли тарихини англаш, уни келажак авлодга бус-бутунлигича етказиш бизнинг олдимиздаги ҳам қарзимиз, ҳам фарзимиздир.

 

   Саид Донишев


Авторизация