- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармони ва бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида шаҳримиз халқи учун қулай ва муносиб турмуш шароити яратилмоқда, - дея сўзини бошлади Жиззах шаҳар ҳокими Комил Холмуродов. – Келинг, ўтган йилнинг таҳлилларига бироз тўхталсам: 2023 йилда 2 та давлат мактабгача таълим ташкилоти реконструкция қилиниб, 8 та худди шундай ташкилот жорий таъмирланди. 1 та мактаб биносида капитал тамирлаш ишлари тугатилган бўлса, 2 таси янгидан қурилди, 7 та мактабда жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Бундан ташқари, 21 та маҳаллада, 23 та лойиҳа бўйича жами қиймати 120 миллиард 369 миллион сўмлик янги қурилиш, реконструкция, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилди... Хуллас, буларнинг барчаси шаҳримиз қиёфасини тубдан ўзгартиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда, - деб фикрини давом эттирди шаҳар ҳокими.
Дарҳақиқат, ўтган йили Жиззах вилояти марказида мисли кўрилмаган ўзгаришлар юз берди. Замонавий бино ва иншоотлар, ижтимоий соҳа объектлари, янги кўприклар қурилди, борлари таъмирланди, боғ ва хиёбонлар тартибга келтирилди.
Бу йилги режалар янада улуғ. Масалан, Мирзо Улуғбек маҳалласи ҳудудида Жиззах вилояти умумий юрисдикция судлари учун янги “Адолат уйи”, “Бобур” ва “Маданият” маҳаллаларидаги мавжуд эски ҳолатдаги икки қаватли турар жой биноларининг архитектуравий қиёфасини яхшилаш мақсадида улар ўрнидан замонавий кўринишдаги кўп қаватли турар жой бинолари, “Оққўрғонлик” маҳалласида тиббиёт бирлашмаси учун 250 қатновли кўп тармоқли марказий поликлиника ва 270 ўринли туғриқ комплекси биноси, “Тошлоқ” маҳалласидаги “Замин”, Алишер Навоий ҳамда Ҳамид Олимжон маҳаллалари ҳудудидан ўтувчи “Ўзбекистон” кўчасидаги кўп қаватли турар ва нотурар жойлар массивининг қурилиши режалаштирилган. Булар натижасида, аҳолининг уй жойга бўлган эҳтиёжи қопланиб, тадбиркорлик субъектларини янги иш ўринлари билан банд қилиш ва қисман бўлсада шаҳарда автомобиллар тирбандлигининг олди олинади.
Шунингдек, “Наврўз” маҳалласидаги “Истиқлол” истироҳат боғининг замонавий қиёфасини яхшилаш ва туристик зонасини ташкил этиш назарда тутилган. Маҳаллий ва хорижий туристлар оқимини ошиб боришини инобатга олган ҳолда, битта 60 ўринли меҳмонхона, ўн тўққизта 380 ўринли умумий овқатланиш шаҳобчалари, савдо дўконлари ҳамда автотураргоҳлар ташкил этилади. “Истиқлол боғи” ва “Наврўзбулоқ” зиёратгоҳини боғловчи дор йўлини қуриш режаси ҳам мавжуд. Демак, шаҳарда туризм соҳаси янада ривожланиб, хизмат кўрсатиш сифати ошиб, ҳисоб-китобларга кўра яна 600 нафардан зиёд янги иш ўринлари яратилишига эришилади.
- Аҳоли пунктларини кўкаламзорлаштириш, дарахт ва буталарни муҳофаза қилиш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш борасида ҳам тизимли ишларни олиб боряпмиз. Инвестицион фаоллик суръатларининг ошиши, саноат ишлаб чиқариш, қурилиш ва бунёдкорлик кўламининг кескин кенгайиши аҳоли яшаш жойларига тушаётган экологик юкламани камайтириш механизмларини такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Бу борада янги дарахт кўчатлари экиш ва уларни парваришлаш бўйича бошқарув тизимини янгилаш, шаҳримизда “Яшил боғлар” ва “Яшил жамоат парклари”ни барпо этиш асосий вазифа қилиб белгиланган, - дейди К.Холмуродов.
Тўғриси, шаҳар ҳокимлиги бу борада бошқа ташкилот ва муассасаларга ўрнак бўлмоқда. Яъни, “Ўратепалик” маҳалласи ҳудудида “Яшил жамоат парки”, “Боғишамол” маҳалласи ҳудудида эса “Ҳокимлик боғи” ташкил этилди.
Бу йилги режалардан яна бири - шаҳарнинг 6 та ҳудудида ихчам-ихчам бульварлар қилиш. Ҳали бу жойлар шундай бир боғлар, гўзал масканга айланадики, кўрган кишиниг кўнгли яйраши аниқ.
Бир тану бир жон бўлиб, аҳилликда, яхши ниятлар билан қилинаётган ҳаракат, бошқача қилиб айтганда, тарихимизнинг янги саҳифасини яратиш йўлидаги меҳнатлар албатта ўзининг ижобий самарасини беради. Ўзингиз кўрасиз, гувоҳ бўласиз. Бунга кўп вақт қолмади!
Саид Донишев