АНЪАНАЛАР ЭТАДИ ДАВОМ...

Биз яна Зоминга қайтамиз. Сўлим Зомин туманидаги “Боғишамол” масканида бугун яна II Халқаро мақом санъати анжумани доирасидаги “Мақом санъатининг назарий ва амалий асослари: муаммо ва ечимлар” мавзусидаги илмий-амалий конференция ўз ишини давом эттирди. Унда  Ўзбекистон, Тожикистон, Озарбайжон, Туркия, АҚШ, Канада, Миср Араб Республикасидан ташриф буюрган йирик мусиқашунос олимлар Шашмақом туркумининг шаклланишида Бухоро мақом мактабининг аҳамияти, ўзбек мақомларида мақом мавзуси, санъатшунослик институти ходимларининг мақомат ўрганилишига қўшган ҳиссаси билан биргаликда Озарбайжон, турк, араб анъанавий қўшиқчилиги ривожида мақом сингари халқнинг азалий ва дурдона санъат намуналарининг ўрни, роли, аҳамияти хусусида фикрлар билдирилди.


-Халқаро миқёсида ўтган икки кунлик илмий-амалий конференция менда катта таассурот қолдирди. Анжуманда мен “Араб анъанавий қўшиқчилик услубининг ривожланиши: Мувашшаҳ намунаси” мавзусида чиқиш қилдим, -дейди Қоҳира Бадиий академияси қошидаги Олий санъат институти ассистенти, мусиқа санъати ва танқиди бўйича PhD Ашраф Абдулраҳмон. –II Халқаро мақом санъати анжумани нафақат ўзбек миллий мақом санъатининг ноёб намуналарини кенг тарғиб қилиш, балки бутунжаҳон маънавиятининг ажралмас бир бўлагини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, ёш авлод қалбида миллий мумтоз санъатга ҳурмат ва эътибор туйғуларини камол топтириш, турли халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарлик ришталарини мустаҳкамлаш, ижодий ҳамкорлик, маданий-маънавий муносабатлар доирасини халқаро миқёсда кенгайтиришга ҳам хизмат қилади ва ўйлайманки, бу анъаналар ҳали узоқ давом этади.

Шунинг билан бугун илмий-амалий конференцияга якун ясалди. Бироқ, “II Халқаро мақом санъати анжумани”га ташриф буюрган иштирокчилар ўртасидаги кўрик-танлов бугун кечки дастурларда давом эттирилади. Халқаро ҳакамлар ҳайъати томонидан иштирокчиларнинг чиқишлари баҳолаб борилмоқда. Ғолиблар номи эртага маълум бўлади.

 

Саид Донишев


Авторизация