Зоминда ўтаётган II Халқаро мақом анжуманиниг иккинчи куни “Мақом санъатининг назарий ва амалий асослари:муаммо ва ечимлар” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Ялпи мажлисларда экспертлар ХХ аср Мақом илми: тарих, назария ва амалиёт, уйғур мусиқасининг муштарак тарихлари, Шашмақом ўзбек ва тожик халқлари маънавий бирлигининг бадиий рамзи, Муғом вокаль ижрочилиги тарихи ва амалиёти, Мақом ва Рага ўртасидаги Балужи “Заҳириги” жанри, Фарғона-Тошкент мақом йўллари, “Шашмақом” туркумидаги Сарахбори ростнинг композицион тузилиши муаммосига доир ўнга яқин мавзуларда чиқиш қилишди. Бундан ташқари, таниқли мутахассислар томонидан бир қанча маҳорат дарслари ҳам ўтказилдики, буларнинг барчаси мақом санъатининг дунё бўйлаб ривожига алоҳида ҳисса бўлиб қўшилади.
Конференция эртага ҳам ўз ишини давом эттиради.
Мухбиримиз Халқаро илмий-амалий конференция иштирокчиларининг фикри билан қизиқди:
Али Фатеҳ. Деҳлидаги Катакендир институтининг сетор сози бўйича ўқитувчиси:
-Мен шахсан Ўзбекистонда биринчи маротаба бўлишим. Лекин бу давлатга қўшни бўлган Қирғизистон, Қозоғистонда бўлганман. Ушбу давлатларда ўзимнинг шахсий ижодий учрашувларим ҳам ўтказилган. Бундан ташқари Корея, Буюк Британияда ўтказилган халқаро анжуманларда иштирок этдим. Ростини айтсам, Ўзбекистондаги мазкур халқаро анжуман мен учун ҳозирча энг катта форматдаги лойиҳа ҳисобланди. Ўзбек мақомида ҳинд мусиқаси билан чамбарчас боғлиқлик, ўхшашлик томонлари кўп эканлигини бир мусиқашунос сифатида кўрдимки. Бу мен учун жуда қувонарли ҳолат, янгилик бўлди. Дунё мусиқасида мақомнинг ўрни етакчи ҳисобланади. Шу сабабли ҳам бу анжуманнинг дунё санъати ривожида мақомни ташқивот қилишда алоҳида ўрни бор, деб ҳисоблайман.
Оостенрижк Жан Воутер. Нидерландия. Мустақил мусиқашунос олим:
-Менинг назаримда бу ерга ташриф буюрган барча мусиқачилар ўзининг мусиқий созларида биринчи рақамли ҳисобланади. Тўғри, бу танловнинг ўзига хос талаблари, шартлари бор. Ҳар бир иштирокчи албатта беллашув учун келган. Шу сабабли ҳам ҳакамларга осон бўлмаслиги турган гап. Мақсад – зўрларнинг зўрини аниқлаш. Бироқ мусиқанинг аниқ белгиланган меъёрлари, тили, дини йўқ. Шунинг учун ҳам бу анжуман иштирокчиларга катта тажриба майдонини ўтаб беради. Кўп давлатларда бўлганман, кўп фестивалларда иштирок этганман. Лекин, бундай катта миқёсда, кўплаб давлатлардан мусиқачилар, созандалар тўпланган тадбирни биринчи марта иштирокчиси бўлдим. Бу кўпчиликка, айниқса миллий мусиқа ва мақом санъати ихлосмандларига завқ ва албатта илҳом беради.
Казимов Гулу Надир оглу. Озарбайжонда чоп этиладиган “Халқ газети” газетасининг Ўрта Осиё бўйича мухбири:
-Мақом шарқ халқларининг фалсафий мусиқаси. У Озарбайжон, Эрон, Ўзбекистон, шунингдек, араб давлатларида ҳам бор. Шарқ мамлакатлари мусиқасини мақомсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Мақомни ҳозирги кунда асосан ўрта ёш ва ёши катта инсонлар кўпроқ эшитади. Энди уни ёш авлод онгига ҳам сингдириш пайти келди. Мен Ўзбекистонда мақом марказлари ташкил этилганлигидан хурсадман. Бу албатта қувонарли ҳолат. II Халқаро мақом анжуманининг очилиш маросимида давлатингиз раҳбарининг сўзга чиқиб, айнан Ўзбекистонда мақом санъатини ривожлантириш борасидаги фикр билдирганидан рости қувондим. Давлат раҳбари сифатида ушбу санъат турига қизиқяптими, демак Ўзбекистонда мақомнинг эртаси бор, бўлганда ҳам ёруғ ва бардавом. Бизда ҳам кишилар мақомни жуда севишади. Ҳар бир концерт дастури албатта мақом санъати билан янада сайқалланади. Шахсан мен озарбайжондаги муғом билан Ўзбекистондаги мақомнинг жуда катта фарқли жиҳатларини деярли кўрмайман. Ҳар иккаласи ҳам аслида бир нарса, фақат аталиши турлича. Бироқ мақсад - муддао битта. Мазкур анжуманда ана шу жиҳатларни янада тўлароқ англасак ажаб эмас.
Саид Донишев