СЎЛИМ ЗОМИН МЕЗБОНЛИК ҚИЛАДИ

Жиззах вилоятининг Зомин тумани шу йилнинг 27-30 июнь кунлари Халқаро мақом санъати анжуманига мезбонлик қилади. 

Анжуманда мамлакатимиздаги барча вилоятлар, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳридан иштирокчилар қатнашиши назарда тутилган. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 26 февралда «II Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказишга тайёргарлик кўриш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармойиши қабул қилинган эди. 

Унга кўра Халқаро мақом санъати анжуманини иккинчи марта 2020 йил сентябрь ойининг биринчи ярмида ўтказиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг таклифи маъқулланган. Бироқ 2020 йилда кузатилган пандемия туфайли мазкур анжуманни ўтказиш бошқа муддатга қолдирилганди.

Шундай қилиб, анжуманга энди ўзининг сўлим табиати билан машҳур Зомин мезбонлик қиладиган бўлди. 

Эслатиб ўтамиз, Халқаро мақом санъати анжумани Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги «Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан 2018 йили Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида бўлиб ўтган. 

 

  Саид Донишев,


Авторизация