ЯНГИ ҚОНУН МAНФAAТЛAР ТЎҚНAШУВИ ОЛДИНИ ОЛAДИ

Президентимиз томонидан жорий йил 5 июн куни имзоланган “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонунда манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва тартибга солишнинг аниқ тартиби белгиланди. Энг муҳими, мазкур ҳужжат билан манфаатлар тўқнашувини ўз вақтида аниқлаш ва бундай вазиятнинг олдини олишнинг икки тури, яъни хабарнома ва декларация бериш механизмлари мустаҳкамлаб қўйилди. Биринчидан, ходим бевосита раҳбарига, раҳбарлар эса коррупсияга қарши ички назорат тузилмаларга ёки кадрлар бўлинмаларига хабар бериб, ушбу манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш чораларини кўради. Яъни, бунда ходим ўзи учраб турган мавжуд манфаатлар тўқнашуви вазиятини тартибга солади. Иккинчидан, коррупсияга қарши курашиш бўлинмалари ёки кадрлар бўлинмалари манфаатлар тўқнашувини аниқлайди. Бунда ходимда келажакда вужудга келиши мумкин бўлган эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви аниқланади.

Бунинг учун мунтазам равишда эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларациялар, давлат хариди таклифлари, комиссия баённомалари, шартномалар, тижорат ташкилотларининг аффилланган шахслари рўйхатлари, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари ҳамда ягона интерактив давлат хизматлари портали тадбиркорларни рўйхатдан ўтказиш модули, Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси манбалари ўрганилади. Шундан сўнг, аниқланган эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви вазиятидан келиб чиқиб, уларни тартибга солиш чоралари кўрилади.

Қонунда белгиланган тартибга солиш бўйича чоралар мазмунан ходимнинг мазкур вазиятда қарор қабул қилишдаги иштирокини ёки таъсирини чеклашга қаратилган. Мисол учун, “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунда белгиланган умумий талабдан келиб чиқиб, манфаатлар тўқнашуви натижасида юзага келган вазиятлар бўйича тартибга солиш чоралари кўрилмаслиги бу ҳуқуқбузарликлар содир этилишига сабаб бўлмоқда. Мазкур ҳужжат билан тўғридан тўғри бу турдаги манфаатлар тўқнашуви вазиятларида коллегиал орган таркибидан ихтиёрий равишда ёки мажбуран четлаштириш чораси кўрилиши кераклиги белгилангани диққатга сазовор. Яна бир муҳим масала. Aгар давлат хизматчиси томонидан ўзи назорат қиладиган обектларда яқин қариндоши ишлайдиган бўлса, ушбу ҳолатнинг олдини олиш учун ходим бу ҳақида манфаатлар тўқнашуви декларациясида кўрсатиши ва яқин қариндошига тааллуқли масалалар бўйича назоратни амалга оширмаслик чораларини кўриши лозим. Мазкур ҳолатлар тўғрисида хабар берилмаган ёки тартибга солинмаган тақдирда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга асосан манфаатлар тўқнашуви ҳақида хабар бермаганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 3–5 бараваригача жарима белгиланди. Ушбу хабарлар тартибга солинмаган тақдирда мансабдор шахсга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5–10 бараваригача жарима қўлланишига сабаб бўлади. Манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда қарор қабул қилинган ёки битим тузилган тақдирда суд тартибида ҳақиқий эмас, деб топилади. Олинган фойда эса давлат даромадига ўтказилади. Рақамларга тўхталадиган бўлсак, 2022 — 2023-йилларда давлат харидлари бўйича тузилган 4,5 мингта шартномаларда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган. Вазирлик ва идораларнинг ички аудит хизматлари томонидан тизимдаги ташкилотларда 141 миллиард сўмлик 2 минг 720 шартнома ҳақиқатда манфаатлар тўқнашуви мавжуд ҳолатда тузилган. 9 шартнома 3 миллиард сўмга қиммат нархда имзоланган.

Қонунга мувофиқ, эндиликда “Е-антиcор.уз” платформасида манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва онлайн мониторинг қилиш имконини берувчи электрон модул ишга туширилиши айни муддаодир. Бу, ўз навбатида, келгусида бу каби ҳолатни олдини олиш ва уларни жойида бартараф этишда муҳим омил бўлади.

Умуман олганда, мазкур Қонун давлат ташкилотларида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, аниқлаш ва тартибга солишнинг самарали механизмларини жорий этиш, унинг ҳуқуқий оқибатларини аниқ белгилаш ҳамда мамлакатимизнинг коррупсияга оид халқаро рейтингдаги кўрсаткичларини оширишга хизмат қилади.

 

Бахромова Лайло Райим қизи,

Тошкент давлат юридик университети оммавий ҳуқуқ факултети 3-босқич талабаси


Авторизация