Маълумот учун, ШҲТ дунёдаги йирик минтақавий ташкилотлардан бири бўлиб, унга аъзо давлатларининг умумий ҳудуди 34 миллион квадрат километрдан ошади. Бу Евроосиё қитъаси ҳудудининг 60 фоиздан ортиғини ташкил қилади, деганидир. ШҲТ давлатларининг умумий аҳолиси сони эса 3,2 миллиард кишини ташкил қилади. Маълумот ўрнида айтиш лозимки, ШҲТ 8 та доимий аъзо, 4 та кузатувчи давлат ва 9 та мулоқот бўйича ҳамкорни жамлайди.
Ташкилотнинг навбатдаги саммитига раислик қилишнинг Ўзбекистонга ўтиши 2021 йил сентябр ойида аниқ бўлган эди. Ўша вақтдан буён ўтган муддат давомида мамлакатимизнинг ШҲТга раислиги режаси доирасида 80 дан ортиқ тадбир ўтказилди. Улар нафақат ташкилотда йўлга қўйилган ҳамкорлик йўналишларини, балки минтақалараро савдо, саноат кооперацияси, инновациялар, қашшоқликни қисқартириш, рақамли трансформация ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш каби янги йўналишларни ҳам қамраб олди.
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ушбу даврда илгари сурилган ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ШҲТда ўзаро ҳамкорлик соҳаларини мазмунан ва институционал жиҳатдан кенгайтиришга қаратилган 14 та янги концептуал ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилди.
Марказий Осиёда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар натижасини Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг пайдо бўлиши билан боғласак янглишмаймиз. Зеро, ўтган 2021 йилда ташкилотнинг Душанбеда бўлиб ўтган юбилей саммити Декларациясида барча аъзо давлатлар раҳбарлари минтақада барқарор ривожланишни таъминлаш, ишонч ва дўстлик маконини яратиш бўйича Марказий Осиё мамлакатлари томонидан сўнгги пайтларда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашларини эълон қилинган эди.
ШҲТнинг Марказий Осиёдаги янги жараённи қўллаб-қувватлаши минтақанинг ўзи учун ҳам, Ташкилот қамраб оладиган ҳудудларни барқарорлик, ўзаро манфаатли ривожланиш ва самарали ҳамкорлик ҳудудига айлантириш учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистон ташқи сиёсатида Ташкилот алоҳида ўрин тутади. Боиси ШҲТга аъзо давлатлар Ўзбекистоннинг энг яқин қўшнилари ва стратегик ҳамкорлари бўлиб, Ташкилот доирасидаги ўзаро ҳамкорлик ҳам кўп томонлама минтақавий, ҳам минтақалараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга, ушбу давлатларнинг ҳар бири билан узвий алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Жорий йилнинг май ойида бўлиб ўтган учрашувда ҳам Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити доирасидаги тадбирларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашилган эди.
Учрашувда ШҲТ бош котиби ташкилотга аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисига тайёргарлик кўриш, Ўзбекистон томонидан Самарқанд саммитини мазмунан бойитиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларни юксак баҳолади. Шу нуқтаи назардан, томонлар бўлажак саммит доирасида имзоланиши режалаштирилган ҳужжатларни келишиш жараёнини тезлаштириш бўйича фаол саъй-ҳаракатларни давом эттириш зарурлиги ҳам таъкидланди.
Маълумот учун саммитда ташкилотга аъзо кўплаб давлатлар билан умумий чегарага эга Афғонистондаги вазият ҳар томонлама муҳокама қилиниб, муҳим қарорлар қабул қилиниши кутилмоқда.
Алишер УСМАНКУЛОВ,
Жиззах политехника институти ректори,
техника фанлари доктори, профессор