АВТОБУСГА ЧИҚАСИЗМИ?

Ҳар куни кимдир эрта тонгдан ишга, ўқишга, бозорга, шифохонага ёки бошқа бир юмуш билан кўчага отланади. Шахсий машинаси борлар-ку майли, аммо жамоат транспортида манзилига йўл олганлар мен айтмоқчи бўлган ҳолатга бир марта бўлса ҳам йўлиқишган адашмасам.

Ишга отланар эканман, ўн беш дақиқалик вақтим автобусда ўтади. Кунларнинг бирида одатдагидек шаҳарнинг асосий кўчаси йўналишидаги автобусга чиқдим. Йўловчи камлиги учун ўриндиқлар бўш. «Ёши катталар чиқиб қолса жой бўшатарман», деган ўй билан олдинроқдаги ўриндиққа жойлашдим. Орқа тарафимда мендан тўрт беш ёшлар кичик адашмасам, икки аёл суҳбатлашиб ўтиришарди. Автобус ҳали юрмагани учун уларнинг «ғўнғир»лашига унча аҳамият бермадим рости. 16,17 нафаргача одам чиққач автобус жойидан силжий бошлади. 

Бундай пайтда машинада кетаётган йўловчиларга разм солсангиз кимдир деразадан кўчани томоша қилади, кимнингдир эътибори қўл телефонида, яна кимлардир ўзининг кунлик режаси ёинки қандайдир дардининг ечими билан банд бўлади. Аммо, орқамдаги ўриндиқда овозини баралла қўйиб ҳангомалашиб кетаётган аёллар атрофидагиларга қанчалик ҳалақит беришаётганини ҳатто ўйлашмади ҳам, назаримда. Улар машинада ўзларидан бошқа ҳеч ким йўқдек, тинимсиз «бидирлаб» боришарди. Сабрим етганича уларнинг мазмунсиз суҳбатини эшитиб бордим. Сўнг ўқрайганча ортимга қарашдан ўзимни тўхтатиб қололмадим. Аёл қарашимнинг маъносини тушундими йўқми, ҳарқалай гапида тўхтаб қолди. Савол бермоқчи бўлибми оғиз жуфтлаган эдики, атрофидаги йўловчиларнинг норози қарашларидан жимиб қолди. Чиндан ҳам мендан ташқари деярли ҳамманинг эътибори уларда эди. Шундан сўнг ўртага бироз сукунат чўмди. Фақат манзилига етганларгина ҳайдовчидан тўхтаб кетишини сўраб туришарди. Салдан сўнг ёнимдаги аёлнинг қўл телефони жиринглаб қолди. Ёши каттароқ опа телефонни ўчирганича сумкага солиб қўйди. Аёлнинг асабий эканлиги чимирилган қошидан билиниб турарди.

Ҳозирги ёшларда на эс бор, на фаросат, - деди опа секингина.

Тан олиб айтиш керакки, жамоат транспортида юриш қоидаларини кўпчилик ё менсимайди, ёки худбинликданми амал қилишни ҳохламайди.

Яна бир куни шундай воқеанинг гувоҳи бўлдим. Эллик ёшлардаги аёл қўл телефонида ким биландир суҳбатлашиб кетар экан, манзилига етгунича кўз шифокорига боргани-ю, шифо топмаганининг тафсилотини гапириб кетди. У суҳбати атрофдагиларнинг қанчалик Қашига текканини сезмади, назаримда. Ёши катталар-ки жамоат жойдаги одоб қоидаларига амал қилмаганидан кейин, улардан ўрнак оладиган ёшларнинг сафи кенгаймайди, дейсизми?

Шу ўринда яна бир ҳолатни айтиб ўтсам. ўрта ёшлардаги аёл ўн ёшлардаги қизи билан автобусда ўриндиқдан жой олганча кетиб борарди. Навбатдаги бекатда ёши улуғ онахон чиқиб келди. Кичиккина қизалоқ хижолатданми ўрнидан туриб онахонга жой бўшатмоқчи бўлди. Аммо, қизчанинг онаси «ўтиравер» ишораси билан фарзандига бераётган тарбиясининг савиясини кўрсатиб берди. 

Афсуски, охирги вақтларда автобусда баъзи ёшларнинг ўриндиққа жойлашиб олиб, тепасида отаси, онаси тенгиларнинг тик оёқда туриб кетаётганига бефарқларча, гўёки кўрмагандек телефонидан кўз узмай хотиржам кетиб боришини тез тез учратиб қоламиз. Ким билсин улар ҳам юқоридаги аёл каби фикрлайдиган ота-оналарнинг тарбиясини олаётган авлоддандир. 

Айтиб ўтганларим майда-чуйда, балки арзигулик мавзу эмасдек туйилар кўпчиликка. Аммо энг кўз илғамас камчиликлар ҳам йиғилиб жамиятнинг одоб-ахлоқ, тарбияси, тартиб-интизомининг даражасини белгилаб беради. ўсиб келаётган ёш авлод эса ўша оқим ичида шаклланади, тарбия топади. Биргина жамоат транспортидаги тартиб-интизомга амал қилмаслик шунчаки табиий ҳолга айланиб борар экан, катта кичик ўртасидаги ҳурмат, иззат тушунчалари йўқолиб бораверади. Бу аввало бизнинг миллийлигимизга кичик бўлсада зарба бўла олади. 

Шаҳноза МАНСУРОВА 

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети 

халқаро журналистика факультети талабаси


Авторизация