Сўнгги бир ҳафта мобайнида шу тахлит суҳбатларга гувоҳ бўлдик, таниш-билишларимиз билан ҳам шу хусусда гаплашдик. Яшириб ўтирмайлик, овоз ҳам бердик. Шу ўринда савол туғилади: Openbudget нима?
Молия вазирлиги ва БМТТДнинг "Ўзбекистонда барқарор ривожланишни молияштириш" лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган очиқ бюджет ахборот портали Ўзбекистон Республикасининг бюджет тизими бюджетлари, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси бюджет тизими ахборотига кириш ва Ўзбекистон Республикасида бюджет жараёнини ташкил этиш тўғрисида тегишли ахборотни тақдим этишни мақсад қилган. Шунингдек, ушбу портал бюджет харажатларини тартибга солиш бўйича жамоатчилик назоратини амалга ошириш; жамоатчилик фикрини шакллантириш учун туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг маблағлари ҳисобидан молиялаштириш учун тақдим этиладиган тадбирлар тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириш; фуқароларнинг мурожаатларини, шу жумладан бюджет қонунчилигининг бузилиши фактларини хабардор қилиш ва бюджет жараёнини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш имкониятларини ташкил этиш вазифаларини ҳам бажаради.
Мазкур порталнинг “Ташаббусли бюджет” бўлимида билдирилган ҳар бир таклиф учун овоз бериш жараёни давомида фуқаролар томонидан овоз берилади. Ҳар бир туман ва шаҳар бўйича энг кўп овоз тўплаган таклифлар тизим томонидан автоматик тарзда ғолиб деб топилади. Демак, қанчалик кўп овоз тўпланса, имконият ортади.
Табиийки, ўқитувчиларнинг ўз таълим масканларида шароит яхшиланиши учун қилаётган саъй-ҳаракатлари бежиз эмас. Фақат бу жараёнда холисликни топиш имконсиздек. Ахир таниш-билиш қанчалик кўп бўлса, шунча кўп овоз дегани-ку.
Шуни инобатга олсак, ҳақиқатан ҳам оғир шароитдаги таъмирталаб, аммо кам овоз тўплаган мактаблар четда қолаверади деганими бу?
Гап келганда айтиш лозимки, педагоглар қатори ўқувчиларнинг ота-оналари ҳам овоз тўплаб юришибди. Айрим раҳбарларнинг кунлик режа тузиб бераётганлигини яшириб ўтиришга ҳожат йўқ. Ундан кўра, ўқитувчиларни овоз йиғишга сарфлаган вақтини ўз устида ишлаб, малакасини оширишга қаратгани минг карра фойдалироқ эмасми? Чунки бугун мазкур масала куннинг энг асосий мавзусига айланди.
Ўйлаймизки, бу муносабатимиз эътиборга олиниб, тизимнинг шаффофлигини таъминлаш борасида бошқача йўл тутилади. Зеро, электрон тизим очиқ, ошкораликни таъминлагани билан ўзимизни ўзимиз алдаётганлигимизга қандай кўз юмиш мумкин?
Гавҳар САЙДУЛЛАЕВА