КЎПРИК ҚАЧОН ТИКЛАНАДИ?

Файзобод ва Олмачи маҳаллаларини бир-бирига боғлаб турувчи кўприк икки йил аввал юк машинаси ўтаётганда бир қисми ўпирилиб тушган эди. Натижада ушбу иншоотдан фойдаланиш деярли имконсиз бўлиб қолди. Бу ҳолат нафақат транспорт воситалари ҳаракатланишига тўсқинлик қилмоқда, балки маҳаллий аҳолининг кундалик ҳаётига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.

Бу борада киракашлик билан шуғулланадиган ҳайдовчиларнинг эътирози катта. 

- Кўприк қулаб тушгани сабабли узоқ йўл босишга мажбурмиз, дейди Ўрол ака исмли ҳайдовчи. - Aйниқса, ёзда иссиқда юриш биз каби ёши катта кишилар учун осон эмас. Кўприк очилса, йўлимиз қисқа бўлади.

 Бошқа бир ҳайдовчи эса:

- Икки йилдан бери "бетонка"(М-39- Тошкент-Термиз трассаси назарда тутилаяпти) орқали тескари йўлдан юришга мажбурмиз. Бу манзилимизга нисбатан узоқ ва айланиш йўл. Кўп вақт ва ёнилғи талаб қилади. Кўприк тезроқ таъмирланса яхши бўларди.

Aсрор Қосимов исмли ҳайдовчи шундай дейди:

-Ўзим Олмачи маҳалласида тураман. “Кўк бозор” дан Бобур маҳалласига одам бор бўлса биз уларни манзилга элтиб қўйишни хоҳламаймиз. Негаки икки маҳаллани бирлаштириб турадиган кўприк ёпиб қўйилган. Фараз қилинг оғир аҳволдаги беморни касалхонага етказиш керак бўлиб қолди... Ҳозир автобуслар ҳам “бетонка” йўли билан айланиб боради. 

Мазкур эътирозлар юзасидан Файзобод маҳалла фуқаролар йиғини раиси Aсрор Aнарбоев билан суҳбатлашдик.

 -Кўприк бўйича қайси ташкилотларга мурожаат қилинган? Қилинган бўлса натижа бўлдими?

-Aҳоли номидан Президент Халқ қабулхонасига мурожаат қилганмиз. 2024 йилнинг бошида Республика ишчи гуруҳи келиб ҳолатни ўрганди. Вилоят Кенгаши томонидан маблағ ажратилган, 2024 йил 6 февралда “Йўллар бошқармаси” вакиллари лойиҳа ишлари бошланганини маълум қилишди.

-Aҳоли учун муқобил йўл мавжудми? Унинг ҳолати қандай?

-М-39 йўли – муқобил йўл ҳисобланади. Кўпчилик кўникиб кетди, аммо ноқулайликдан норозилар кўп.

-Хўш, кўприкни таъмирлаш борасида режаларингиз борми?

-Маҳалла фуқаролар йиғини томонидан барча зарур ҳужжатлар тайёрланмоқда. Тегишли ташкилотлар билан мулоқотдамиз. Кўприк масаласи кун тартибимизда биринчи ўринда турибди,- деди у.

Aҳолининг тинимсиз мурожаатлари ниҳоят ўз натижасини берибд. Энг қувонарли жиҳати шундаки, кўприкни реконструксия қилиш масаласи манзилли дастурга киритилибди. Бу нафақат ушбу икки маҳалла, балки бутун туман аҳолиси учун муҳим воқеа бўлди.

 Энди барча умид – қурилишга масъул ташкилотларнинг масъулиятни қай даражада ҳис этишига боғлиқ. Узоқни яқин қилувчи кўприкнинг қайтадан ишга тушишини иккала маҳалладаги барча аҳоли интизорлик билан кутмоқда. Уларнинг умидлари тез орада амалга ошади дея умид қиламиз.

Таҳририят бу мавзуга яна қайтади.

 

 Хуршида Суюнова


Авторизация