ПЕДАГОГЛАР КАСБИЙ МАҲОРАТИ ОШИРИЛМОҚДА

Жиззах вилоят педагогик маҳорат марказида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуманда Жиззах вилоят педагогик маҳорат маркази томонидан 2024 йилда эришилган ютуқлар бўйича ҳисобот тингланди ва истиқболли  режалар тўғрисида маълумотлар берилди.

Марказ раҳбари Ижод Аҳмедов, ўринбосарлар А.Раҳматуллаев ва А.Рўзиев ҳамда бошқа масъул ходимлар оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар томондан берилган саволларга атрофлича жавоб бердилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 231-сон қарори ижросини таъминлаш, педагогларнинг узлуксиз касбий ривожланиши учун етарли шароитлар яратиш мақсадида амалга оширилган ташкилий-методик ишлар анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Марказ раҳбариятининг маълум қилишича, шу йил январдан бошлаб  мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантиришнинг вертикал тизими йўлга қўйилган. Улар учун  ҳар беш йилда бир маротаба ишдан ажралган ҳолда ўтказиладиган малака ошириш курслари жорий қилинган. 

Ушбу жараён ҳақида тўлиқ маълумот берилгач, хусусий МТТ тарбиячиларини жалб этиш, турли тилларда ўқитишни ташкил этиш ҳамда марказ ходимларининг малакасини ошириш, тингловчиларни ётоқхона билан таъминлаш каби мавзуларда ҳам қизғин савол-жавоблар бўлди.

Юқоридаги қарор ижросига кўра, вилоят педагогик маҳорат марказида 2025 йил январь ойида 14 та йўналиш бўйича 20 та гуруҳда 500 нафар тингловчи таълим олишган. Зомин, Зарбдор, Янгиобод ва Сирдарё вилоятининг яқин ҳудудларидан тингловчиларни Зомин педагогика коллежида ўқитиш бўйича чоралар кўрилаётгани, шунингдек, марказ биноси учун кампус қурилиши ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, жорий йилдан бошлаб ҳар бир туманда МТТлар учун касбий ривожланиш соати ва кунлари ташкил этилиши, марказ директорининг хорижий маслаҳатчиси инглиз тили дарсларида методик кўмак кўрсатиши белгиланганлиги, ҳудудий марказ профессор-ўқитувчилари, ходимлари фаолияти рейтингини ва меҳнат самарадорлигини аниқлаш бўйича мезонлар ишлаб чиқилиб, мониторинг олиб борилаётган тўғрисида ҳам маълумотлар тақдим этилди.

Тизимда коррупцияга қарши кураш, таълим  сифати ва самарадорлигини назорат қилишга оид электрон платформа ҳақидаги маълумотлар барчада қизиқиш уйғотди. Тадбир якунида марказ фаолиятининг жамоатчилик учун очиқлик даражаси юқори баҳоланиб, ОАВ билан ҳамкорликнинг давомий бўлиши таклиф қилинди.

 

А.Каримов.


Авторизация