Ҳозирга кунда таълим тизимига инновацион-педагогик, ахборот коммуникацион технологияларини замонавий таълим усул ва воситаларини кенг татбиқ этиш давр талаби бўлиб қолмоқда. Шулардан келиб чиққан ҳолда ҳозирги вақтда барча фанларни замонавий педагогик технология асосида ўқитишнинг мақбул йўлари тадқиқ қилинмоқда. Жумладан, педагогик технологиянинг ўзбек миллий моделини пайдо бўлиши ва унинг тадрижий давоми бўлган математика ўқитиш методикаси фанидан талабаларга дарсни аввалдан лойиҳалаш асосида билим бериш таълим соҳасидаги янгиликлардан биридир.
Педагогика олий таълим муассасаларида математикани ўқитишни тубдан яхшилаш бўйича ижобий ишлар қилинмоқда. Ҳозирги замонда ҳар бир фан бўйича, жумладан, математика фани бўйича таълим олувчиларга етарли даражада билим бериш асосий мақсад бўлиб, математика фани мамлакатдаги барча таълим босқичлари учун ДТС(давлат таълим стандарти)лари, МТ (Малака талаблари), ўкув режа ва фан дастурларининг янги авлодини ишлаб чиқиш ва математика таълимини ривожлантириш, мазкур жараёнини янада такомиллаштириш вазифа ҳисобланади.
Узлуксиз таълим тизимида математика фанини ўрганиш ва ўқитиш бўйича илмий-методик тадқиқотларнинг асосий мақсади хисобланиб, бунга эришишда математика фани мазмунини тўғри аниқлай олиш мухим ва таълим жараёни мазмунни аниқлаш борасида қуйидагича ёндашув мақсадга мувофиқдир:
1.Математика фани бўйича барча таълим босқичларида ўрганиладиган мазмунни асослаш, яъни нима учун берилган таълим босқичи учун айнан шу келтирилган мазмун ўргатилиши керак? (Масалан, “Ижтимоий-гуманитар фанларга ихтисослашган” ўрта умумтаълим мактабларида ёки “Аниқ ва табиий фанларга ихтисослашган” ўрта умумтаълим мактабларида математика мазмуни кандай бўлиши керак ва нима учун?)
2. Математика фани бўйича турли таълим йўналишларида (ўрта махсус, касб-хунар таълими ёки олий таълим босқичида) ўрганиладиган мазмунни асослаш, яъни нима учун берилган йўналиш учун айнан шу келтирилган мазмун ўргатилиши керак? (Масалан, “Ижтимоий-гуманитар йўналишдаги” таълим муассасаларида математика мазмуни қандай бўлиши керак ва нима учун?)
3.Узлуксиз таълим тизимида таълим олувчилар ақлий қобилиятларининг ривожланиш даражаси ва қизиқишларидан келиб чиккан ҳолда математик таълим мазмуни ва ўқитиш жараёнини ташкил этиш муаммоси.
4. Узлуксиз таълим тизими турли босқичлари учун ишлаб чиқилган математик таълим мазмунни жамиятдаги таълимга бўлган муносабат, таълим тизими, унда фаолият юритувчи ўқитувчиларнинг касбий тайёргарлик даражасидан келиб чиққан ҳолда математикани ўқитиш имкониятларини ишлаб чиқиш муаммоси.
Юқоридаги муаммоларни самарали ҳал этишда математик тушунчалар, ўқитиш тамойиллари, қонуниятлари, методлари ва услублари барча йўналишларда ўқувчи-талабалар учун (табақалаштирилган таълимга суянган ҳолда) тушунарли ва ўзлаштириш осон бўлган кўринишда бўлишига эришиш талаб этилади.
Д.Гадаев,
Жиззах давлат педагогика университети, Сиртқи бўлими,
Табиий ва аниқ фанларда масофавий таълим кафедраси ўқитувчиси.