ОЛИС ҲУДУД ЎҚУВЧИЛАРИ ЙЎҚЛАНДИ

Жойларда Янги йил байрами тадбирлари бошланиб кетди. Жиззах педагогик маҳорат маркази ва вилоят Директорлар кенгаши ташаббуси билан Янги йил байрами арафасида олис ҳудудлардаги мактаб ўқувчиларига байрам совғалари топширилди. Ушбу ташаббус педагогик маҳорат маркази жамоасининг коорпоратив байрам тадбиридан воз кечиб, унинг ўрнига марказлардан олисда жойлашган умумтаълим мактаблари жамоаси билан яқиндан мулоқот қилиш, таълим ва ўқув жараёни билан танишиш мақсадида ташкил этилди.   

    Илк манзил Фориш туманидаги 50-сонли умумтаълим мактаби бўлди. Дарбоза маҳалласида жойлашган ушбу мактаб туман марказидан 270 км олисда жойлашган. 80 та ўқувчи ўрнига эга мактабда 69 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Марказ ходимлари даставвал мактабдаги таълим ва спорт, қўшимча тўгараклар фаолияти билан танишдилар. Бошқа вилоятлардан келиб дарс бераётган ўқитувчилар билан шарт-шароитлар хусусида суҳбатлашдилар. Сўнг ҳар бир синфдаги ўқувчиларга ширинликлардан иборат Янги йил байрами совғалари байрамона суръатда тарқатилди. Шунингдек, “Олис ҳудуд” дастури бўйича республиканинг турли ҳудудларидан келиб, шартнома асосида ишлаётган 7 нафар ўқитувчига иссиқ кўрпа-тўшаклар берилди. 

-Очиғи, бундай ташрифни ҳечам кутмаган эдик, - дейди мактаб директори Дилшода Суюнова. - Одатда ўқитувчиларимиз педагогик маҳорат марказида бир ҳафта давомида малака ошириб келишар эди. Марказ жамоаси яна бир бор ўқитувчиларга елкадош, ҳамкор эканликларини кўрсатишди. Фақатгина ижтимоий ҳимояга муҳтож ўқувчилар эмас, барчага бирдек совға   улашилгани болалар учун кутилмаган ва ёрқин таассурот бўлиб қолишига шубҳа йўқ.     

Марказ жамоаси, шунингдек, маҳаллада илк бор ташкил этилган оилавий мактабгача таълим масканида ҳам бўлишиб, 16 нафар тарбияланувчига байрам совғаларини топширишди. 

-Бу мактабга бориш учун бир кун вақт сарфланди, узоқ йўл босдик. Бир неча соатлик ўйин-кулгудан воз кечиш эвазига ўқувчилар юзидаги қувонч, мўъжизаларга ишонч туйғуларини кўрдик. Аҳил жамоамизнинг бир мақсад сари бирлашганидан фахрландим, - дейди Жиззах педагогик маҳорат марказининг бошланғич таълим фани услубчиси Наргиза Мирзабекова.


Авторизация