Жиззах вилояти қулай географик жойлашуви, йирик сув ҳавзаларнинг мавжудлиги, иқлимининг ўзига хослиги, қўриқланадиган табиий ҳудудларнинг ноёб тармоғи ва ландшафтлари, шунингдек, қадимий аҳоли яшаш масканлари, уларнинг ўзига хос удумлари, турмуш тарзи билан экологик туризмни ривожлантириш ва оммалаштириш учун кенг имкониятларга эга ҳудуд ҳисобланади.
Айниқса, кейинги йилларда Бахмал туманинг туризм имкониятлари тобора кенгайиб бормоқда. Новқа, Мўғол, Ўрмончи, Жўм-Жўм каби туризм масканлари хорижий ва маҳаллий сайёҳларни ўзига жалб этмоқда. Айнан Мўғол қишлоғида зиёрат, агротуризм, экстремал тоғ туризми яхши ривожланиш йўлида. Бугунги кунда хорижий ва маҳаллий сайёҳларга қулайликлар яратиш мақсадида зиёратгоҳларга олиб борувчи йўллар таъмирланган. Мўғол МФЙда жойлашган Саид Мирхалиллоҳ зиёратгоҳига олиб борувчи 1.5 км йўл таъмирланиб, 5 та туристик йўл кўрсатгичлар қўйилди.
Яқинда Бахмал тумани, Мўғол қишлоғида “Мўғол спорт-туризм ёшлар ва болалар дам олиш маскани”нинг очилиши маросими ва хорижий давлатларнинг ёшлари иштирокида халқаро мусобақа ўтказилди. Унда мезбонлардан ташқари Қозоғистон, Тожикистон, Ҳиндистон ва Қирғизистон давлатларидан жами 200 нафардан ортиқ ёшлар иштирок этишди. Мусобақа давомида ёшлар тоғлар бўйлаб 6 километрдан ортиқ масофага югуриш бўйича беллашдилар. Якунга кўра Самбҳрам университети талабаси А.Камилжонов маррага биринчи бўлиб етиб келиб, шоҳсупанинг энг баланд чўққисини банд этди. Бахмал тумани туризм ва сервис техникуми ўқувчиси А.Тоҳиров 2-ўринни, қозоғистонлик Асилбек Алибеков эса фахрли 3-ўринни эгаллади. Қиз болалар ўртасидаги баҳсларда Россия Федереацияси вакиллари Екатерина Николаева ҳамда Даря Елисева мос равишда биринчи ва иккинчи ўринларни банд этишган бўлса, мезбонлардан Наргиза Маҳмудова учинчи ўрин билан кифояланди.
Мазкур халқаро мусобақа орқали хорижий давлатлардан ташриф буюрган меҳмонлар Бахмал тумани туризм имкониятлари ва миллий урф-одатлари билан яқиндан танишиш имконига ҳам эга бўлдилар.
Саид Донишев,