Юртимизнинг ўзига хос табиати, тарихий ва меморий обидалари азал-азалдан хорижлик сайёҳларни мафтун этиб келган. Жумладан, Жиззах вилоятининг хилма-хил ва гўзал табиати, Айдаркўл каби йирик сув ҳавзаларнинг мавжудлиги, табиий ҳудудларнинг ноёб ландшафти, шунингдек, жойлардаги ўзига хос удумлар, турмуш тарзи ўлкамизга туристлар оқимини кўпайтиришда кенг имкониятларни юзага келтиради.
2023 йил давомида Жиззах воҳасига хориж давлатларидан 145 минг нафар сайёҳ ташриф буюрган бўлса, 2024 йилнинг ўтган даври давомида 298 минг нафар меҳмон гўзал табиатимиздан баҳра олишиб, тарихий жойлар, зиёратгоҳларда бўлишди.
Сайёҳлар учун барча қулайликлар яратилмоқда. Хусусан айни пайтда 30 та туристик автобус, 57 та микроавтобус, 8 та туризм ахборот маркази ва 205 та санитария-гигиена шохобчаси воҳамиз меҳмонлари учун хизмат қилиб турибди. Шу ўринда Давлатимиз раҳбари томонидан 2024 йил давомида туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилган бир неча Фармон ва Қарорлар қабул қилинганлиги соҳа ривожида катта аҳамият касб этганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 12 январдаги “Республикага хорижий туристлар оқимини кескин ошириш ҳамда ички туризмни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида жаҳон туризм бозоридаги кучли рақобат шароитида Ўзбекистонга хорижий туристларни кенг жалб қилиш, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш, туризм намойиши объектларидан самарали фойдаланган ҳолда ҳудудларни ўзаро боғловчи туризм хизматларини янада кенгайтириш, соҳада янги иш ўринларини яратиш, шунингдек, республика туризм салоҳиятини хорижий мамлакатларда манзилли тарғиб қилиш юзасидан долзарб вазифалар белгилаб берилган эди. Уларнинг ижроси юзасидан Жиззах вилояти, шунингдек вилоят маркази – Жиззах шаҳрида кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Соҳага бўлган эътибор туфайли туризм – вилоят иқтисодиётининг асосий “драйвер”ларидан бирига айланмоқда. Айтиш жоизки, шаҳримиз ўзининг табиий жойлашуви, об-ҳавоси ва меҳмондўст аҳолиси билан туризмни ривожлантириш учун ниҳоятда қулай объект ҳисобланади. Айниқса, кейинги йилларда шаҳар қиёфасини буткул ўзгартириб юборган янги қурилишлар, истироҳат боғлари, маданий-маърифий обеъктлар сайёҳларни ўзига жалб этиши аниқ.
Бугунги кунда Жиззах шаҳрида хорижий ва маҳаллий сайёҳларнинг мириқиб дам олишлари учун 24 та меҳмонхона, 8 та хостел ва 8 та оилавий меҳмон уйлари хизмат кўрсатиш учун тахт ҳолатда турибди.
Вилоятимизга хорижий ва маҳаллий сайёҳлар ташрифини тизимли ташкил этиш мақсадида Жиззах шаҳрида 23 та туркомпания фаолият олиб бормоқда. Туризм салоҳияти юқори бўлган ҳудудларда хорижий ва маҳаллий сайёҳларни жалб этиш учун 5 кунлик маршрут, 7 юлдузли туризм ҳалқаси (“туристик учбурчак”) ишлаб чиқилган.
Президентимиз томонидан жорий йил 18 июль куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида туризм инфратузилмасини яхшилаш ва хорижий туристлар оқимини янада оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Фармонида эса мамлакатимиз ҳудудларида янги туризм индустрияси объектларини кўпайтириш орқали қулай саёҳат қилиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, жаҳон бозорида миллий туризм маҳсулотларини фаол тарғиб қилишнинг замонавий механизмларини жорий қилиш, ички туризм имкониятларини янада кенгайтириш, транспорт логистикасидаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш, шунингдек, соҳага тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар бўйича вазифалар баён этилган.
Бу борада шаҳримиздаги Синдор Ҳамроқулов номидаги кўчани туризм кўчасига айлантириш юзасида вилоят ҳокимининг қарори қабул қилинган эди. Қарор ижроси юзасидан бу ерда умумий овқатланиш шохобчалари, савдо дўконлари, автотураргоҳлар, пиёдалар ва велосипед йўлакчалари барпо этилди. Бепул Wi-Fi зонаси ахборот марказига ташриф буюрадиган туристлар учун хизмат қилмоқда. Натижада шаҳримизда узунлиги 600 метр бўлган туризм кўчаси пайдо бўлди. Келажакда ҳам бундай туризм кўчаларини кўпайтириш ишлари давом эттирилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 8-10 апрель кунлари Жиззах вилоятига ташрифи давомида Жиззах вилоятидаги маданий мерос объектларини боғловчи “Туризм ҳалқаси” ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берилган эди. Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича 10 та маданий мерос объектларини боғловчи “Туризм ҳалқаси” барпо этилди. Мазкур “Туризм ҳалқаси”га Жиззах шаҳридаги Шароф Рашидов уй-музейи ҳамда Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним музейлари ҳам киритилган.
Ҳозирги пайтда Жиззах шаҳрида туризмнинг ўзига хос бўлган тури - гастрономик туризм кенг оммалашиб бормоқда. Маълумки, Жиззахнинг миллий ва бошқа маҳаллий таомлари нафақат Ўзбекистон, хориж мамлакатларида ҳам ном чиқазган. Турган гап, Жиззахнинг брендига айланган сомса барча сайёҳларни ўзига жалб этмоқда. Айтиш мумкинки, Бирлашган Араб Амирликлари ва ҳатто Европа давлатларидан сайёҳлар айнан Жиззах сомсасини татиб кўриш учун ташриф буюришмоқда.
Туризм соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган мазкур тизимли ишлар ўз навбатида мамлакатимиз иқтисодиётининг юксалиши, валюта тушумларини кўпайишига олиб келмоқда. Шу билан бирга Янги Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини ошириши баробарида, янги иш ўринларини яратиш, аҳоли даромадлари ва турмуш даражасини яхшилашда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Комил Холмуродов,
Жиззах шаҳар ҳокими.