Сўнгги йилларда Жиззах вилоятининг шаҳар ва туманлари қиёфаси тубдан ўзгарди. Айниқса, вилоят марказида аҳоли учун яратиб берилаётган имкониятлар, янги иш ўринлари, замонавий қиёфага эга ишлаб чиқариш корхоналари, ижтимоий соҳа объектлари ва дам олиш масканлари сони тобора ортиб бормоқдаки, бундан албатта аҳоли мамнун. Аҳамиятлиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармони ва бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида Жиззах шаҳри аҳолиси ва вилоят меҳмонлари учун қулай ҳамда муносиб турмуш шароити яратилмоқда.
Бугун шаҳарда жуда кўплаб замонавий бино ва иншоотлар, ижтимоий соҳа объектлари, янги кўприклар қурилди, борлари таъмирланди, боғ ва хиёбонлар тартибга келтирилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 24 июндаги “Жиззах вилоятида мавжуд захира ва имкониятларни ишга солиш орқали аҳоли даромадлари ҳамда бандлигини ошириш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан “Истиқлол” болалар истироҳат боғи ва унга туташ “Сангзор” дарёси бўйиида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилаяпти. Қарийб 20 гектар майдонни эгаллаган истироҳат боғига ташриф буюрувчилар учун қўшимча қулайлик яратиш мақсадида унинг ёнидан оқиб ўтувчи “Сангзор” дарёсида сув йиғиб туриш учун 3 та сув иншоотини қуриш амалга оширилмоқда.
- Ҳозирги кунда хорижий компанияларнинг энг яхши таклифларини танлаш бўйича танлов комиссиясининг 2023 йил 19 январдаги йиғилиш баёнига асосан, Туркия давлатида фаолият юритаётган “НД ИМАР”лойиҳа компанияси томонидан Жиззах шаҳар ҳудудида танлаб олинган маҳаллаларнинг “Мастер режаси” лойиҳалари ишлаб чиқилган, - дейди Жиззах шаҳар бош архитектори Воҳид Мирзаев. - Ушбу лойиҳалари таркибига шаҳардаги айнан “Наврўз” ва “Сангзор” маҳаллалари ҳудудидан оқиб ўтувчи “Сангзор” дарёси бўйи минтақаси ҳамда “Истиқлол” болалар истироҳат боғи ҳудуди ҳам киритилган бўлиб, боғ ҳудидини реконструкция қилиш, ободлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Хусан, боғ ҳудудидаги сайр қилиш учун мўлжалланган йўлакчалар қайта таъмирланиб, тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. Мавжуд икки мингдан зиёд манзарали дарахтлар сонини олти мингдан ошириш мақсадида кўкаламзорлаштириш ишлари давом эттириляпти.
Хуллас, “Истиқлол” истироҳат боғининг замонавий қиёфасини яхшилаш ва туристик зонасини ташкил этиш, маҳаллий ва хорижий туристлар оқимини ошиб боришини инобатга олган ҳолда, 20 дан зиёд савдо, маиший хизмат кўрсатиш шоҳобчалари, яна шунча турли хилдаги замонавий атракционлар, автотураргоҳлар ташкил этилади. Яна бир эътиборли жиҳати, бу ерда “Истиқлол боғи” ва “Наврўзбулоқ” зиёратгоҳини боғловчи дор йўлини қуриш режаси ҳам мавжуд. Демак, шаҳарда туризм соҳаси янада ривожланиб, хизмат кўрсатиш сифати ошиб, ҳисоб-китобларга кўра яна 500 га яқин янги иш ўринлари яратилишига эришилади.
- Аҳоли пунктларини кўкаламзорлаштириш, дарахт ва буталарни муҳофаза қилиш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш борасида ҳам тизимли ишларни олиб боряпмиз, - дейди Жиззах шаҳар ҳокими Комил Холмуродов. - Инвестицион фаоллик суръатларининг ошиши, саноат ишлаб чиқариш, қурилиш ва бунёдкорлик кўламининг кескин кенгайиши аҳоли яшаш жойларига тушаётган экологик юкламани камайтириш механизмларини такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Бу борада янги дарахт кўчатлари экиш ва уларни парваришлаш бўйича бошқарув тизимини янгилаш, шаҳримизда “Яшил боғлар” ва “Яшил жамоат парклари”ни барпо этиш асосий вазифа қилиб белгиланган.
Дарвоқе, шаҳар жамоатчилигининг асосий мақсадларидан бири – Жиззах шаҳрини ҳам юртдошларимизни доимо ўзига мафтун қилиб келаётган Бахмал, Зомин каби гўшалар қаторига қўшиш, аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқаришлари учун қулай шароит яратиш, кўчаю хиёбонларни яшил масканга айлантириш, шаҳар инфратузилмасидан замонавий хиёбонлар кенг ўрин эгаллашини таъминлаш саналади. Мазкур мақсадларнинг амалга оширилишига хайрихоҳлик эса нафақат Жиззах шаҳрининг кўкаламзорлашишига замин яратади, балки яшил масканлар сонининг ортиши натижасида инсонлар саломатлигини сақлаш, табиат софлигини асрашдек муҳим вазифани бажаришда ҳам муҳим омил бўлади.
Саид Донишев