ЖИЗЗАХГА 2023 ЙИЛДА ҚАНЧА САЙЁҲ КEЛДИ, БУ ЙИЛЧИ?..

   Жиззах шаҳаридаги “Ёшлар инновацион маркази”да ички туризм ярмаркаси ташкил этилди. Вилоят туризм бошқармаси томонидан ўтказилган тадбирда сайёҳлик фирмалари, оммавий ахборот воситалари вакилари ва кенг жамоатчилик иштирок этди. 

   Ярмарка давомида вилоятдаги мавжуд сайёҳлик фирмалари фаолиятини ёритувчи ва миллий ҳунармандчилик кўргазмалари намойиш этилди. 

   Айтиш мумкинки, Жиззах ўтган давр мобайнида туризм соҳасини ривожлантириш юзасидан кўплаб ютуқларга эришди. Жумладан, 2023 йил давомида 145 минг нафар хорижий сайёҳлар ташрифи кузатилган бўлса, жорий йилнинг ўтган даври давомида ҳудудга 51 минг 406 нафар хорижий сайёҳлар ташриф буюрди. 

   -  Ўтган йили туризм хизматлари экспорти ҳажми 31 миллион АҚШ долларини ташкил этган бўлса, бу йилнинг ўтган даври давомида ҳозирча 3,25 миллион АҚШ доллари миқдоридаги ишлар бажарилди, - дейди вилоят туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Азиз Эгамбердиев. - Ўтган йилда жами 35 та, 386 ўринли жойлаштириш воситалари ишга тушди, шундан, 6 та меҳмонхона, 3 та хостел, 2 та кемпинг, 24 та оилавий меҳмон уйи ҳамда 2 та дам олиш маскани фаолияти йўлга қўйилиб, йиллик режа 112 фоизга бажарилган. 

   Маълумотларга кўра, жорий йилнинг бугунгача бўлган даври давомида 6 та 116 ўринли жойлаштириш воситалари ишга тушди, шундан, 4 та 100 ўринли хостел, 16 ўринли 2 та оилавий меҳмон уйи ўз фаолиятини бошлади. Вилоятга 2024 йилда 350 минг нафар хорижий туристларни жалб қилиш орқали 50 миллион АҚШ доллари миқдорида туризм хизматлари экспортини амалга ошириш мақсадида туризм салоҳияти юқори бўлган ҳудудларда хорижий ва маҳаллий ташриф буюрувчиларни олиб қолиш бўйича 5 кунлик маршрут, 7 юлдузли туризм халқаси (“туристик учбурчак”) ишлаб чиқилди.

   Аҳамиятлиси, мазкур ярмарка давомида давлат ташкилотлари ва сайёҳлик фирмалари билан ички туризмни ривожлантириш мақсадида ўзаро шартномалар имзоланиб, республикамизнинг турли ҳудудларига саёҳатлар уюштириш учун келишувларга эришилди.

 Саид Донишев


Авторизация