ИҚТИСОДИЙ САМАРАДОРЛИК НАТИЖАЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 8-9 апрель кунлари Жиззах вилоятига ташрифи чоғида Фориш туманидаги “Basalt Uzbekistan” кластери фаолияти билан яқиндан танишар экан, унинг таркибидаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни иқтисодиётнинг турли соҳаларида қўллашни самарадорлигини ошириш, базальт маҳсулотлари афзалликларини кенг тарғиб этиш, илмий-тадқиқот ишларини жадаллаштириш, ушбу йўналишда конференция ва форумлар ўтказиш ҳамда маҳсулотларнинг ташқи бозорга чиқишини янада фаоллаштириш бўйича аниқ вазифалар белгиланганди. 

  Шунга кўра “Ўзсаноатқурилишбанк” ва “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ҳамкорлигида жорий йилнинг 26 апрель куни мазкур корхонада “Базальт асосли маҳсулотларни иқтисодиётнинг турли соҳаларида қўллаш самарадорлиги” мавзуда халқаро форум ташкил этилди. Анжуман йирик буюртмачилар, қурилиш корхоналари, лойиҳалаш институтлари ва бошқа манфаатдор вазирлик, идоралар вакиллари, маҳаллий ва хорижий ишбилармонлар учун қимматли маълумотлар, манфаатли битимлар ҳамда қизғин мулоқотларга бой бўлди. Шунингдек, халқаро форум иштирокчилар учун чин маънода тажриба алмашиш ҳамда самарали ҳамкорлик ўрнатиш майдонига айланди.

–Фориш тумани Осмонсой конидаги қимматли топилма – базальт тошлари мамлакатимиз саноат тармоғи учун муҳим воқелик бўлди, – дейди “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси раиси маслаҳатчиси Баҳодир Исмаилов. – “Basalt Uzbekistan” кластери ташаббускорлари томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар эса, юртимизда ушбу турдаги янги конларни аниқлашга туртки берди. Бугунги кунда Ўзбекистон ҳудудида жами 17 та (345,9 миллион тонна) минерал тола ишлаб чиқариш учун базальт хом ашёси мавжуд кон аниқланди. Уларнинг 82 фоизига қазиб олиш ҳуқуқи берилган бўлса, қолган конларни ўзлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Жиззах (30,3 миллион тонна), Қорақалпоғистон (2,2 миллион тонна), Навоий (2,6 миллион тонна), Наманган (310,6 миллион тонна) ва Самарқанд вилояти (0,2 миллион тонна)даги конлар шулар сирасига киради.

Айни пайтда Республика бўйича йиллик қуввати 194 минг тонналик базальт тошидан иссиқлик сақловчи минерал плиталар, 16 минг тонналик базальт толаси ва фибра, 2 минг тонналик базальт арматураси, 5 минг тонналик композит қувурлар ва 9 минг тонналик композит геосеткалар ишлаб чиқарувчи 9 та корхона фаолият юритмоқда. Улардан бири – Фориш туманида 46,8 гектар майдонни эгаллаган “Basalt Uzbekistan” кластеридир.

-“Basalt Uzbekistan” саноат кластерининг бошланғич ишлаб чиқариш фаолиятига 2017 йилда асос солинган. Ўтган 7 йил мобайнида лойиҳаларни босқичма-босқич амалга ошириб келяпмиз. Ўша пайтда очилган биргина заводдан бугунги кунга келиб 7 та завод муваффақиятли ташкил этилди ва натижада кластер даражасигача етдик, - дейди “Basalt Uzbekistan” саноат кластери бош директори Азим Абдусаттаров. – Кейинги пайтларда “Ecobasalt Group” ва “Geobasalt Products” МЧЖларимиз лойиҳаларини амалга оширишда умумий 26,5 миллион Евро миқдорида маблағ ўзлаштирилди. Германия, Италия ва бошқа ривожланган хорижий давлатлардан энг сўнгги илғор технологиялар олиб келиб ўрнатилди ва 200 та доимий иш ўрни яратилди. Айнан худди шу иккита - геосеткалар ва композит қувурлар ишлаб чиқарувчи заводларимизда экспорт салоҳиятининг ўзи 15 миллион доллардан ортди.

Корхонанинг галдаги режаси - 2025 йилнинг 2-чораги якуни бўйича “Ўзсаноатқурилишбанк” билан бошланган энг йирик – 145 миллион долларлик лойиҳани ишга туширишдан иборатдир. Бу – энг охирги инновацион усулда базальт матолари ишлаб чиқариш бўлиб, ўша матонинг ўзидан ҳам яна 20 дан зиёд маҳсулот қайта ишланади ва қўшимча 400 нафар янги иш ўрни яратилади.

  Форумда кластернинг бугунги имкониятлари ҳамда режалари тақдимот қилинди. Йилига 177 минг тонна базальт тошидан олинаётган махсус тола ва унинг асосида ишлаб чиқарилаётган 42 турдаги маҳсулотларнинг 80 фоизи АҚШ, Англия, Польша, Италия, Чехия, Грузия, Россия, Туркия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби давлатларга экспорт қилинаётгани кўпчиликнинг эътиборини тортди. 

–Мамлакат раҳбарининг соҳани ҳар томонлама, хусусан, илмий жиҳатдан ривожлантириш борасида берган кўрсатмалари ҳар қанча таҳсинга лойиқ. Зеро, ҳар қандай кашфиёт ва тараққиёт илм-фан асосида юзага келади, – дейди Корея муҳандислик ва қурилиш технологиялари институти профессори Ким Хонг Соп. – Фаолиятимиз қурилиш ва қурилиш материаллари соҳасида амалий тадқиқотларни ривожлантиришга асосланган. Ўтган йилда жамоамиз томонидан қарийб 140 миллион долларлик илмий изланишлар олиб борилди. Ўзбекистонда ҳам “R&D тадқиқотлар маркази”ни ташкил этиб, ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда олимлар ўртасида “алоқа занжири”ни таъминлаш ҳаракатидамиз. Бу саноат ривожини 5-10 йилга тезлаштиради, маҳаллийлаштиришни кучайтиради, илғор технологияларни маҳаллий шароитда қўллаш самарадорлигини оширади.

Форум дастурига кўра иштирокчилар Ўзбекистонда базальт асосида инновацион қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳолати ва истиқболлари билан яқиндан таништирилди. Маҳсулот сифати ва хусусиятлари, лаборатория синовлари ва сертификатлаш, логистика каби масалалар юзасидан фикр алмашилди. Бу борада жаҳон стандартлари, ушбу йўналишда амалга оширилаётган изланишлар ва янгиликлар, илғор технология ва ускуналар ҳақида тақдимот намойиш этилди.

–Кластеримиз томонидан ишлаб чиқарилаётган базальт толаси ҳамда базальт асосидаги маҳсулотлар иссиқ ва совуққа ўта бардошли, енгил ва мустаҳкамлиги боис хорижий давлатларда саноат ва халқ хўжалигининг кўпгина соҳаларида кенг қўлланилади, – дейди “Basalt Uzbekistan” компанияси тижорат директори Темур Мамадаминов. – Форум доирасида маҳсулотлар афзалликлари маҳаллий қурувчи, лойиҳачи ва буюртмачиларга ҳам яқиндан таништирилди. Уларни жаҳон бозорида харидоргир бўлган корхонамиз маҳсулотларидан самарали фойдаланишга ундади, тўғри қўллаш бўйича зарур билим ва кўникмалар улашилди.

Айтиш мумкинки, бир қатор тадқиқотчи олимлар иштироки форум аҳамиятини янада оширди. Улар томонидан базальт маҳсулотларининг физик-механик хоссаларини кучайтириш бўйича берилган тавсиялар барча учун қизиқарли ва фойдали бўлди.

Юртимизда тадбиркорлик муҳитининг тобора яхшиланиб бораётганлиги боис ҳозирда банк-молия институтлари билан жуда яхши муносабатлар ўрнатилганлиги, ўртадаги ортиқча бюрократик ҳолатларга барҳам берилганлиги, биргина “Basalt Uzbekistan” кластери маҳсулотларининг жаҳон бозорига чиқишини яхши баҳолаган форум иштирокчиларини айнан мамлакатимизда тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган ислоҳотлар ҳам асло бефарқ қолдирмади.

Умуман, форум иши давомида илм-фан ҳар қандай соҳада сифатни ошириш, ишлаб чиқариш корхоналарида тадқиқот эҳтиёжини қаноатлантириш ва технологик жиҳатдан тиргак бўлишини яна бир бор исботлади.

Саид Донишев


Авторизация