КЎРМАГАННИНГ КЎРГАНИ ҚУРСИН (воқеий ҳикоя)

     У аслида унчалик ҳам бой эмас эди. Ота-онаси ҳам оддий инсонлар. Уйлари ҳам кўримсизгина. Биздан ўн-ўн беш уй нарида туради. Акаси чет давлатга ишлаш учун кетдию, бироз аҳволлари ўнгланди шекилли, янги машина сотиб олишди. У энди кўчаларни тўлдириб машинада юрибди...

    Бугун эрталабдан ҳаво айниди. Осмонни қуюқ қора булут қоплади. Ишга кетаётсам у янги машинаси олдида куймаланар эди. Шу пайт ҳокисор, бироз қадди букилган, ёши ҳам ўтинқираган онаси чиқиб келди:

   - Болажоним, қаерга кетаяпсан?

   - Она, ишим бор эди. Нима қилди?

   - Бозорга бораётган эдим. Ҳали замон ёмғир ёғадиганга ўхшайди. Агар йўлинг...

Онанинг гапи оғзида қолди.

   - Она, намунча ҳар куни бозорга бормасангиз. Уйда ўтирсангиз бўлмайдими, шундай кунда?- жеркиб берди ўғил. – Йўлим бошқа томонга.

    Онанинг кўзларида аллақандай меҳрми, бўйи-басти келишган, чиройли кийинган, замонавий машинада тенгқурлари орасида гердайиб юрадиган ўғлидан фахрланишми, хуллас нимадир бор эди. Назаримда умидми, илинжми, қандайдир туйғу чил-чил сингандек бўлди. Бечора она нимагадир қилмаган айби учун ҳижолат тортди. Вазиятни юмшатиш учун:

   - Машинангнинг ғилдираги дам қўйибди, шекилли. Қараб қўйгин.

   - Она, ўзи шунақа бўлади. Сиз, нима, машина ҳайдаб юрибсизми?

   - Эҳтиёт бўлгин, дейманда, болам!..

    У машинани шамолдек елдириб кетди. Она ўғлининг орқасидан пичирлаб дуо қилди. Сўнг осмонга бир қараб олдида, букчайган кўйи йўлга тушди. Бу пайтда ёмғир ҳам томчилай бошлаган эди...

                                 Саид ДОНИШ  

(12 март, 2024 йил)


Авторизация