ИҚТИСОДИЙ ЎСИШДА МУСТАҲКАМ ҲАМКОРЛИК МУҲИМ

Ўтган ҳафтада Бишкекда бўлиб ўтган Евроосиё Олий иқтисодий кенгаши йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. "Бу биз учун жуда муҳим соҳа, чунки ЕОИИ давлатлари бизнинг табиий ҳамкорларимиздир. Биргаликда саъй-ҳаракатларимиз натижасида пандемиянинг салбий оқибатларини юмшатишга ва мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликда ижобий тенденцияни таъминлашга муваффақ бўлганимиз қувонарли” дея давлатимиз раҳбари Ўзбекистон ЕОИИ билан кузатувчи сифатида ҳамкорликни ривожлантиришда давом этишини таъкидлади.

Маърузада таъкидланганидек, Ўзбекистон ва ЕОИИ мамлакатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ўтган йили 30 фоизга, жорий йилнинг биринчи тўрт ойида эса яна 33 фоизга ошган. Шунингдек, ЕОИИ мамлакатларидан жалб қилинаётган инвестициялар йилига қарийб 25 фоизга кўпаймоқда. Демак, ҳамкорликнинг янги уфқлари тобора самарали натижаларга эришилишига йўл очиб бераяпти. 

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, бугун замоннинг шиддаткор манзараси ва инқирозли ҳодисалар ҳар қайси мамлакат учун жиддий хатар туғдириши табиий.  Айниқса, нарх-навонинг кескин кўтарилиши тезкор ва аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этиш заруратини келтириб чиқармоқда. Шундай экан, Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек,  “Юзага келган вазиятда умумий саъй-ҳаракатлар билан биргаликдаги чора-тадбирлар мажмуасини ишлаб чиқиш, ноодатий ечимлар топиш ва ҳамкорликнинг ностандарт механизмларидан фойдаланишни муҳим, деб ҳисоблаймиз”. 

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва ЕОИИ мамлакатлари ўртасидаги ўзаро савдода техник тўсиқларни бартараф этишни давом эттириш ва сертификатлаштиришни тан олиш товарларнинг бозорларимизга кириб боришини анча соддалаштириш имконини беришига алоҳида тўхталар экан,  ушбу ишлар натижадорлигини ошириш учун Агрокооперация дастурини ишлаб чиқишни таклиф этди. Президентимизнинг сўзларига кўра, бу дастур бозорларимизни кафолатли тўлдириш мақсадида ЕОИИ мамлакатларида дон ва мойли экинларни биргаликда етиштириш ҳамда мева-сабзавот экинларини, шу жумладан, уларнинг эртапишар навларини Ўзбекистонда етиштириш масалаларини қамраб олиши мумкин. Айни пайтда дастурни амалга ошириш учун, биринчи навбатда, мамлакатларимиз ҳудудларининг салоҳиятини ишга солиш мақсадга мувофиқ. 

Ўз-ўзидан кўринадики, бу ишларни амалга ошириш учун муқобил транспорт йўлакларини янада ривожлантириш, Жануб ва Шарқ йўналишларида транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш масаласига янада жиддий эътибор қаратиш лозимлигига ҳам урғу берилди.  Айниқса, қисқа вақт ичида Осиё-Тинч океани минтақаси бозорларига чиқиш учун қўшимча имкониятлар яратадиган “Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” темир йўлини қуриш лойиҳаси бошлаш режалаштирилаётганлиги кутилмаган янгилик бўлди. Шунингдек, Юртбошимизнинг Жанубий Осиёга ва унинг 2 миллиард истеъмолчига эга бозорига чиқиш учун энг қисқа йўлни таъминлайдиган Термиздан Покистоннинг Пешоваригача трансафғон темир йўлини барпо этиш лойиҳасини амалга ошириш борасида ЕОИИдаги шериклар билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирганлигида ҳам иқтисодий ривожланиш учун дадил қадамлар билан олға босаётганлигимизнинг ёрқин исботидир.  

Ўрни келганда айтиш керакки, Тошкент шаҳрида «ИННОПРОМ. Марказий Осиё» халқаро саноат кўргазмасининг ташкил этилганлиги мамлакатимиз иқтисодий майдонини янада кенгайтириш имконини яратди, десам муболаға бўлмас. Айниқса, мазкур кўргазмада 1000 дан зиёд ишлаб чиқариш корхоналарининг иштироки иқтисодий ўсиш суръатларининг қай даражада эканлигини намойиш этди. Бу жараённи янада юқори босқичга кўтариш учун эса илмий-тадқиқот институтлари ва технологик марказлар имкониятларини ишга солиш мақсадга мувофиқ бўлади. 

Мухтасар айтганда, Ўзбекистоннинг иқтисодий барқарорлиги бугун кўпчиликда қизиқиш уйғотмоқда. Чет эл инвесторларининг мамлакатимизга сармоя киритиш истаги ҳам кун сайин ортиб бораётгани бежиз эмас. Демак, мазкур жараёнда илмий салоҳиятни ҳам янада юксалтириш замоннинг талабидир. Ўз-ўзидан олий таълим соҳаси ходими сифатида шуни айта оламанки, биз салоҳиятли ёшларни тарбиялаб, меҳнат бозорида рақобатбардош кадрлар етишиб чиқишига астойдил хизмат қиламиз. 

Алишер УСМАНКУЛОВ,

Жиззах политехника институти ректори,

техника фанлари доктори, профессор

 


Авторизация