19 апрель куни Зарбдор туманидаги Янгиобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган, вилоят алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган 1-сонли кар болалар учун ихтисослаштирилган мактаб интернатда ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий рағбатлантириш ҳамда қўллаб қувватлаш мақсадида “Инсон учун” шиори остида кўргазма бўлиб ўтди. Мактаб интернатда таълим олаётган ўқувчилар томонидан ясалган қўл меҳнати намуналари тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
Шунингдек, тадбирда Жиззах давлат педагогика университетининг Табиий ва аниқ фанларда масофавий таълим кафедрасининг тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси йўналиши бўйича таълим олаётган талабалари Ўктам Умаров, Шерали Эгамқулов ҳамда Мўтабар Турдиевалар чизган суратлар ҳам намойиш этилди. Айтиш жоизки, Мўтабар Турдиева айни пайтда шу мактаб интернатда ўқитувчи сифатида фаолият юритмоқда.
Таъкидлаш лозимки, университетининг Табиий ва аниқ фанларда масофавий таълим кафедраси билан мазкур мактаб интернат ўртасида ўзаро ҳамкорлик шартномаси тузилган. Шартномага кўра кафедранинг тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси йўналиши бўйича ўқитувчилари мунтазам равишда ижодий учрашувлар ҳамда маҳорат дарсларини ташкил этиб келишмоқда.
Акбар Халиқов,
Жиззах давлат педагогика университети,
Табиий ва аниқ фанларда масофавий таълим
кафедраси мудири,
Дилшод Джабборов,
Жиззах давлат педагогика университети,
Табиий ва аниқ фанларда масофавий таълим
кафедрси катта ўқитувчиси,
Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси.