Холид Ҳусайний 1965 йилда Афғонистоннинг Қобул шаҳрида туғилган. 15 ёшидан бошлаб Америкада яшаб ижод қилиб келмоқда. Асл касби шифокор бўлган ёзувчининг “Шамол ортидан югуриб” номли романи унинг номини дунё бўйлаб танитди. Бундан ташқари носирнинг “Минг қуёш шулъаси”, “Тоғлар ҳам садо беради” номли асарлари мавжуд. Қуйида ёзувчининг айнан “Шамол ортидан югуриб” романи ҳақида таасуротлар келтирилган.
Асар соф афғон халқи, миллатининг ҳақиқий ҳаётини акс эттирган воқеаликлардан ҳикоя қилади. Аслида инсон тақдирида рўй бераётган лаҳзалар, ҳодисаларнинг замирида гўзал хулқ ва ирода ётади. Асар икки дўст, аслида эса қондош бўлган Амир ва Ҳасан ҳақида.
Муаллиф тилидан ҳикоя қилинаётган йигирма олти йиллик хотираларда дўстлик, садоқат, хиёнат, манфур кимсаларнинг разилликлари очиқ-ошкора ёритилган. Бош персонажлар Амир, Ҳасан, Али, Бобо ва Раҳимхонларнинга аянчли тақдири, уларнинг пуштун ёки хазорий ҳамда сунний, шиа мазхабларида бўлганида эмас, балки инсон бўлиб яралиб, инсон нафратланадиган кўргуликларга бир-бирини дучор қилгани ўқувчида аламли ҳиссиётни уйғотади.
Қаҳрамонлар орасида аёллар тимсоли ниҳоятда ҳаётий ва реал тасвирланган, Ҳасаннинг онаси Санобар, Амирнинг хотини Сурайё каби образлар уларнинг ҳаётида муҳим омил бўлиб хизмат қилган.
Салбий қаҳрамон сифатида гавдаланган Асеф эса гиёҳванд моддалар ўчоғига айланган мамлакатдаги нодон ва ҳирси бузуқ, кўнглига келган қабиҳликларини қила оладиган инсонларнинг жонли исботи сифатида кўрсатилган.
Инсонлар жамиятдаги “иллат”ларга қарши курашишда ўта бешафқат, аммо ўзлари кўнгли тусаган ишларни қилиши, баччабозлик, аёлларнинг иффатини топташ каби жараёнлар асарда бор бўйича гавдаланади.
Амир ва Ҳасаннинг дўстлиги, уларнинг варрак билан боғлиқ болалик хотиралари, Ҳасаннинг садоқати жуда чиройли тасвирланган. Асарда ота-ўғил образи, уларнинг бир-бирига бўлган муносабати ҳам яхши тасвирланган. Асосий воқеалар ҳам айнан Амирнинг ўз отасига варрак мусобақасида ғолиб бўлишга ваъда беришидан бошланади.
Воқеалар кетма-кетлиги худди маржон каби дон-дона, тушунарли тарзда бўлиб, аслзода пуштунларга хизмат кўрсатадиган хазорийларнинг ночор аҳволи батафсил ифода этилган.
Асар сўнггида Амир ўз дўсти Ҳасанни Асеф ва унинг шерикларидан ҳимоя қилолмагани ҳамда унга туҳмат қилиб, ўғирликда айблагани учун йигирма олти йил азоб чекади. У толиблар қўлида ўлган дўстининг етимхонада қолган ўғли Сухробни қутқариб, Асеф билан бўлган жангдан сўнг ҳаловатга эришгандай бўлади.
Бахтга қарши Амирнинг тушларига варраклар кирар ва фарзандсизлик қийнарди. У Ватангадо бўлади. Отасидан айрилади. Қабоҳатга ботган замон ва одамларнинг чангалида қолган болалар ва уларнинг болалиги туғилгандаёқ йўқ қилиниш тасвири муаллиф томонидан моҳирона чизилган.
Муаллифнинг маҳорати туфайли асардаги табиат тасвирлари ва персонажларнинг портеритларини кўз ўнгимизда бемолол гавдалантира оламиз. Асар мутолааси бизни тўғридан-тўғри уруш даҳшати, афғон болаларининг сўнгсиз надоматли нолалари, миллатнинг тақдирига бефарқ қрамасликка ундайди ва бевосита ҳамдардига айлантира олади.
Чўлпоной Аҳмедова,
журналист