2017-йил 3-январда Ўзбекистон Республикасининг “Коррупсияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди ҳамда шундан сўнг бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда коррупсиянинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш коррупсияга қарши курашишда катта аҳамият касб этади. Таълим муассасаларида коррупсияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий таълим ва тарбия масалалари Қонуннинг бир нечта моддаларида ўз ифодасини топган. Зеро, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданияти юксак бўлганетук бўлган инсонлар салбий иллат бўлмиш коррупсияга йўл қўймайдилар.
Мамлакатда коррупсияга қарши кураш бўйича чора-тадбирларнинг асосида давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июнда қабул қилинган «Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига кўра, барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан, Ҳисоб палатаси, Марказий банк, суд ва прокуратура органлари ҳамда уларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари, шунингдек, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналари томонидан Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатини тасдиқлашлари лозимлиги жорий этилди. Бундан ташқари, бюджет харажатларини тартибга солиш бўйича жамоатчилик назоратини амалга ошириш, бюджет қонунчилигининг бузилиши фактлари тўғрисида хабардор қилиш ва бюджет жараёнини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш тартиб-таомилини ташкил этиш бўйича «Опенбюджет» – «Очиқ бюджет» портали ишга туширилди.
Коррупсияга қарши муросасиз муҳитни яратиш жамоатчиликнинг кенг иштирокида амалга оширилмоқда. Хусусан, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тизими тубдан такомиллаштирилди. Президентнинг Халқ ва Виртуал қабулхоналари, «Ишонч телефони» ҳамда ҳар бир вазирлик ва давлат идораларининг «ишонч телефонлари», «виртуал қабулхоналари» ташкил қилинди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш лозим-ки, коррупсиянинг ҳар қандай кўринишларига қарши курашишни биз, энг аввало, ўзимиздан бошлашимиз, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни шакллантиришимиз зарур.
Шахноза Мансурова.