Кейинги пайтларда вилоятимизда, хусусан, Жиззах шаҳрида ободонлаштириш масаласида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Афсуски, шунга қарамасдан белгиланмаган жойларга ҳануз чиқинди ташлаб кетиш ҳолатлари кузатиляпти. Оқибатда она табиатга билиб-билмай жуда катта зарар етказаётганлар ҳам тез-тез учраб турибди. Ахир бу экологик муаммолар ортидан қанчадан-қанча аҳоли, болалар жабр кўраяпти.
Шундай муаммоларни бартараф этиш мақсадида "Жиззах овози" газетаси таҳририяти ҳамда халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши депутати Саид Донишев ташаббуси билан "Шаҳримиз ободлигига барчамиз масъул!" деб номланган видеороликлар сценарийси учун танлов эълон қилинди. Танлов 17 январдан 1 февралга қадар давом этди. Мазкур танловнинг асосий талаби юқорида санаб ўтилган муаммолар ва унинг ечими тўғрисида қисқа, лўнда ва албатта таъсирли ғоялар акс этган насрий, шеърий, бадиий материалларни таҳририятга юбориш эди. Энг яхши, деб топилган таклифлар асосида видеороликлар тасвирга олиниб, маҳаллий телеканаллар ва ижтимоий тармоқларда намойиш этилиши ҳам кўзда тутилган. Талаблар асосида таҳририятга 20 га яқин материаллар келиб тушди. Сценарийлар ўрганилиб, таҳлил қилинди ва ғолиблар аниқланди.
4 февраль куни танловнинг якуний тақдирлаш босқичи Жиззах вилояти телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда ўтказилди. Танловга ўз ишларини юборган блогерлар, таниқли журналистлар қаторида ёш, ҳаваскор экологлар - мактаб ўқувчилари ҳам борлиги бизни қувонтирди. Танлов материаллари орасида Элдор Эшмирзаев, Муқаддас Саддинова, Қирмизой Ҳакимоваларнинг ғоялари, бадиий асар тарзида юборган ҳикоялари алоҳида таҳсинга сазовор. Якуний хулосага кўра, ўзида ўнга яқин видеоролик сценарийсини жамлаган материалларни юборган Асал ва Тимур Шуҳратовалар ғолиб, деб топилди. Тақдирлаш жараёнида ёш экологлар ўз ғоялари ҳақида яна бир бор сўзлаб беришди. Ғолибларга “Жиззах овози” таҳририяти номидан махсус статуэтка ва эсдалик совғалари топширилди. Келгусида ғолиб бўлган болажонлар иштирокида таҳририят ва вилоят телерадиокомпанияси ҳамкорлигида видеоролик тасвирга олиниши режалаштирилди.
("Жиззах овози")