Жорий йилнинг 28 январ куни Жиззах шаҳридаги "Заргарлик" маҳалласида ҳудудда тозалик, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларини намунали йўлга қўйиш, бу борада юзага келаётган муаммоларга барҳам бериш масалаларига бағишланган “Ободлик - ўз уйимиздан бошланади!” шиори остида очиқ мулoқот ўтказилди.
Тадбирда маҳалла тозалигига бефарқ бўлмаган, ўзини шаҳар ободончилигига дахлдор ҳисоблаган маҳалла аҳли, шу ҳудудда ижарада турувчи талабалар ҳамда тегишли ташкилот раҳбарлари иштирок этишди. Мулоқотда маҳалла ҳудудида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларининг тизимли режаси ҳақида сўз юритилди. Тадбирда Жиззах шаҳар ҳокими К.Холмуродов мутасадди ташкилот раҳбарларига тегишли вазифалар берди. Маҳалла майдонида янги чиқиндихоналар қурилган бўлиб, улар ичига ўрнатилаётган чиқинди қутилари ҳам янгиланаётганини кўриш мумкин.
Бу борада шаҳар ҳокими шундай деди:
-Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши депутати Саид Донишев ташаббуси билан ташкил этилган бундай очиқ мулоқатларни ҳар доим қўллаб–қувватлайман. Сабаби, бу шаҳримиз озодалигини сақлаш борасида аҳолининг таклиф ва эътирозларини қабул қилиб, ижросини таъминлашда жуда қўл келади. Бугунги кунда шаҳар ҳудудини кенгайтириш бўйича Ш.Рашидов туманидаги 27 та маҳалла қамраб олинди ва уларни ободонлаштириш режаси амалга оширилмоқда. Бундан ташқари маҳаллардаги лой уйларни бузиб, ўрнига кўп қаватли уйлар қуриш ишлари ҳам режалаштирилган. Шаҳар инфратузилмасини янгилаш ишини ҳам мақсад қилганмиз. “Заргарлик” маҳалласи мисолида гапирадиган бўлсак, қурилиш ишлари учун бошқарув-сервиз компанияларга қарийиб 74 миллард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Жалб қилинган халқаро молия институти маблағлари ҳам аторф-муҳитни ободонлаштиришга йўналтирилмоқда. Бизнинг фаолиятимизда халқнинг фикри ва ишончи жуда муҳим. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари, жамоатчилик назорати фикрларини ҳам албатта инобатга оламиз.
Мулоқат давомида айрим фуқаролар томонидан белгиланмаган жойга чиқиндиларни ташлаётгани, шаҳар ҳудудида чиқинди солинадиган махсус идишларнинг етарли эмаслиги каби муаммолар борасидаги ўзгача ечим ва таклифлар тингланди, муносабат билдирилди.
- Ўтган йили айнан шу масалалар инобатга олиниб, маҳаллалар ҳудудига кузатув камералари ўрнатилди ва етарлича натижага ҳам эришилди, - дея қўшимча қилди ҳоким. - Ободонлаштириш соҳасини рақамлаштириш бу йилги режамизда ҳам мавжуд. Аввало, аҳолида экологик маданиятини оширишимиз керак. Дуч келган жойга чиқинди ташлаш ва белгиланмаган полигонларни ахлатхонага айлантириш кўпайиб кетган. Бу борадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чоралари кучайтирилиб, Миллий гвардия ва ички ишлар идораларига қўшимча ваколатлар берилди. Айтишим жоизки, бугунгидек тарғиботларни кўпроқ ўтказиш ўринли ва фойдали. Чунки ўтган йили ҳам ОАВ вакиллари, блогерлар ва мутасаддилар иштирокида шунга ўхшаш акция ташкиллаштирилган эди ва бу нарса ўзининг ижобий натижасини берди. Бу ишлар самараси ўлароқ, 12 та маҳалла ўз ҳудудига зарур бўлган теҳникаларга эга бўлди. Аҳолининг тўлов ва жаримлар билан боғлиқ қобилияти шаклланса, тозалик билан боғлиқ муаммоларга ечим топилади.
Очиқ мулоқотда иштирок этган блогерлар ва кўнгилли ёшлар шаҳар озодалиги ва тозалигини таъминлаш борасида ўз таклифлари, фикр-мулоҳазаларини баён этишди.
Чўлпоной Ахмедова.