Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиш билан бирга, давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини янада оширишга қаратилган ушбу жараёнларда маҳаллий вакиллик органларининг ҳам роли ниҳоятда катта.
Ўзбекистон Республикаси Сенати ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) Кенгашлари депутатлари учун ўқув семинари ташкил этилди. Cеминарда бу гал Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро ва Жиззах вилоятлари ва мазкур ҳудудлардаги туман(шаҳар) Кенгашлари депутатлари қатнашди.
Ўқув семинарда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати раиси Т. Нарбаева, Давлат бошқаруви академияси ректори А. Бекмуродов, шунингдек, Сенатнинг қатор қўмиталари, Президент Админстрацияси масъул ходимлари, турли вазирлик, идора ва муассаса вакиллари мавзуга алоқадор чиқишлари билан иштирок этишди.
Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Олий Мажлис палаталарининг мажлисларида белгилаб берилган устувор вазифалар, унда вакиллик органларининг ўрни, маҳаллий Кенгашлар депутатлари мақоми, депутатлик фаолиятининг кафолатлари, маҳаллий Кенгашларда доимий комиссиялар, партия гуруҳлари ва депутатлар фаолиятини тўғри ва самарали ташкил этиш каби мавзулардаги маърузалар семинар қатнашчиларини бефарқ қолдирмади.
-Аҳолини ўйлантираётган муаммоли масалалар бўйича ташаббусларни илгари суриш, шакллантирилаётган дастурларга асосли таклифларни, масалан, ижтимоий объектлар, ичимлик суви, газ, электр энергияси, йўл қурилиши каби масалаларни маҳаллий ижро этувчи ҳокимиятга киритиб бориш бизнинг асосий вазифаларимиздан бири саналади. Ўқув семинарида экспертлар томонидан ушбу масалаларга ёндашув шакли аниқ кўрсатиб ўтилиб, мазкур ишларни амалга оширишда маҳаллий ҳокимликлар билан боғлиқ бўлган ҳар бир масала муҳокама ва мунозаралар йўли билан ҳал қилиниши лозимлиги хусусида маълумотлар олдик, - дейди халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши депутати Бахтиёр Тошпўлатов.
Икки кунлик семинар жараёнида маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳудудларни ривожлантириш дастурларини шакллантиришда иштирок этиш, тасдиқлаш ҳамда ижроси юзасидан назорат-таҳлил фаолиятини олиб бориш, қарорлар қабул қилишда қонунийликни таъминлаш, сайловчилар мурожаатлари билан, қолаверса, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар билан ишлаш, депутатларнинг одоб-ахлоқ қоидалари бўйича ҳам ўз билимларини оширишди.
Саид Донишев