Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Жиззах вилоят филиали ва Жиззах вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан Миллий кадрлар захирасига киритилган номзодлар учун ўқув-амалий семинари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғриси”даги Қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда Жиззах вилоятида Миллий кадрлар захираси учун номзодларни саралаб олиш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси Президенти номенклатурасидаги раҳбарлик лавозимларига кадрлар захирасини шакллантириш бўйича Жиззах вилояти комиссияси” ташкил этилган.
Ушбу комиссия томонидан жорий йилнинг март ойида “Миллий кадрлар захирасига киритилган номзодлар билан ишлаш юзасидан “Йўл харитаси” ишлаб чиқилган.
Давлат органлари ва ташкилотлари учун юқори салоҳиятга эга раҳбар кадрлар захирасини шакллантириш ҳамда давлат фуқаролик хизматига энг иқтидорли кадрларни саралаб олиш мақсадида 2024 йилнинг февраль ойида Республика ишчи гуруҳи ва Жиззах вилояти комиссияси томонидан ҳудуддаги 500 дан ортиқ раҳбар кадрлар орасидан Миллий кадрлар захирасига
80 нафар, Истиқболли кадрлар захирасига 116 нафар номзодлар саралаб олинди.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида Миллий кадрлар захирасига киритилган номзодлардан 52 нафари Давлат бошқаруви академиясида ташкил этилган қисқа муддатли малака ошириш курсларида иштирок этди. Шунингдек, 1 нафар номзод Хитой Халқ Республикасининг Сичуань провинциясида камбағалликни қисқартириш, қишлоқ хўжалиги, барқарор ривожланиш ва шаҳарларни бошқариш йўналишларида ташкил этилган хорижий старижровкада иштирок этди.
Жорий йилнинг март-май ойларида Миллий кадрлар захирасига киритилган номзодларни юқори лавозимларга кўтариш бўйича тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди. Натижада номзодлардан 2 нафари вилоят ҳокими ўринбосари, 1 нафари туман ҳокими ва 1 нафари туман (шаҳар) ҳокими ўринбосари лавозимларига тайинланди.
Бўлиб ўтган ўқув-амалий семинарда иштирокчиларга захирага олинган номзоднинг шахсий ривожланиш режасини пухта ишлаб чиқиш ҳамда унинг самарали ижросини таъминлаш механизмлари, Давлат фуқаролик хизматчисининг маънавий қиёфаси ва унинг давлат бошқарувидаги ўрни ва роли, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этилишида “Маҳалла еттилиги”фаолиятини самарали ташкил этиш, Парламент ва маҳаллий Кенгашларнинг шаклланиши ва фаолияти, шунингдек, янги қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мазмун-моҳияти соҳа мутахассислари ва амалиётчи-тренерлар томонидан етказиб берилди.
Шунингдек, захирадаги номзодлар семинар давомида Шароф Рашидов ҳамда Ҳамид Олимжон ва Зулфия музейларида, Жиззах вилояти кутубхонасида ҳам бўлишди.
Куннинг иккинчи ярмида иштирокчилар Ғаллаорол туманидаги “Маданият” МФЙ мисолида “маҳалла еттилиги” фаолиятини самарали ташкил этиш билан ҳам яқиндан танишдилар.
Умуман олганда, Жиззах вилоятида Миллий кадрлар захирасига киритилган номзодлар билан ишлаш, уларнинг касбий фаолиятида самарадорликка эришиши, ўз устида ишлаши ва тажрибали раҳбар сифатида шаклланиб боришида тизимли ишлар йўлга қўйилган.
Саид Донишев