Жиззах вилояти туризим салоҳиятини янада ошириш, бу борада чет давлатлардаги туристик компаниялар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, соҳага халқаро инвестор ва мутахассисларни жалб қилиш бўйича самарали ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 18 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида туризм инфратузилмасини яхшилаш ва хорижий туристлар оқимини янада оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-102-сонли Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Жиззах вилояти делегацияси Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида бўлди.
Ташриф давомида хорижлик сайёҳларни ҳудудга жалб этиш юзасидан Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари Сардор Шукуруллаев ва “Transindus Limited” тур компанияси бошқарувчи директори Амрит Сингх хоним ўртасида ўзаро учрашув ўтказилди.
Шунингдек, 500 миллион кишилик халқаро аудиторияга эга “BBC Glоbal Nеws Eurasia” тижорат ваколатхонаси раҳбари, “Dars Films” компаниясининг бош продюсери Сергей Становкин билан ҳам музокара олиб борилди.
Музокаралар давомида Жиззах вилоятини дунё ҳамжамиятига кенг танитиш, тарғиб қилиш ва туристлар оқимини оширишга хизмат қилиши кутилаётган “Минтақада қуёш чиқиши” лойиҳаси муҳокама қилинди.
Айтиш мумкинки, мазкур лойиҳа ҳудуднинг ўзига хос жиҳатларини дунё миқёсидаги нуфузли, таъсирли аудатория, шунингдек, бизнес ва сиёсат элитаси кўз ўнгида инвестициявий, туристик жозибадорлигини ҳиссий ҳамда визуал тасвирлар орқали ошириш, воҳанинг маданий, тарихий ва меъморий хилма-хиллигини намойиш қилиш каби вазифаларга хизмат қилади.
Саид Донишев