КИТОБСЕВАР МИЛЛАТ

Маълумки, кейинги йилларда мамлакатимизда китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг тўртинчиси сифатида ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш белгилангани ҳам бежиз эмас. Чунки она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол авлодни тарбиялашда китобнинг ўрни беқиёс.

Бу эзгу ташаббусни рўёбга чиқариш йўлида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. 21 ноябрь куни Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳамда унинг Жиззах вилоят бўлими томонидан Шароф Рашидов номидаги Жиззах вилоят ахборот-кутубхона марказида “Китобсевар миллат” шиори остида “Китобхон болалар” ва “Дунё даҳолари” рукнида чоп этилган китоблар тақдимоти ўтказилди.

Тадбирда журналистлар, шоир ва ёзувчилар, вилоят, туман-шаҳар ахборот-кутубхона марказлари мутахассислари, Президент ва ихтисослаштирилган мактабларининг кубутхона ходимлари ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳамда бир гуруҳ ёш китобхонлар иштирок этди.

Айни пайтда Уюшма ахборот хизмати ходимлари томонидан юқоридаги ўнта китобнинг аудио варианти ҳам тайёрланмоқда. Яқин кунларда ушбу китоблар аудио вариантлари билан бирга мамлакатимиздаги ахборот-кутубхона муассасаларига бепул тақдим этилади.

Шунингдек, тадбир давомида Уюшмага аъзо бўлган журналистлар Бахтиёр Эшонқулов, Худойберди Каримов, Алишер Зоидов ва Норбодом Эсановага гувоҳномалар топширилди.

 

А.Каримов.


Авторизация