Жорий йилнинг 11 ноябрь куни Самбҳрам университетида “Илм-фан тараққиёти: илмий инновацион ёндашувлар ва стратегик таҳлиллар” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман бўлди.
Маълумки, Самбҳрам университети Жиззах шаҳрида 2021 йилдан бери фаолият кўрсатиб келмоқда. Мазкур илм даргоҳида 58 нафар профессор-ўқитувчи таълим беради. Уларнинг 24 нафари фан номзоди, 2 нафари фан доктори бўлиб, 24 нафар хорижий ўқитувчилар ҳам талабларга дарс бермоқда. Бугунги кунда университетда 2308 нафар талаба билим олмоқда.
Илмий анжуманни техника фанлари доктори, Жиззах вилоят ҳокими Эргаш Салиев кириш сўзи билан очди. Ҳоким ўз сўзида кейинги йилларда мамлакатимизда, хусусан Жиззах вилоятида олий таълим борасида катта ўзгаришлар юз бераётгани, яқин вақтларгача Жиззахда фақат иккита олий таълим даргоҳи фаолият юритган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг сони 5 тага етгани, бу даргоҳларда қирқ мингга яқин талаба таҳсил олаётгани тўғрисида гапирди. Шунингдек у вилоятда илм-фанни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳам тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг Жиззах “СAМБҲРAМ” университети таъсисчиси др.Нaгaрaж Венкaтеш анжуман иштирокчиларини онлайн тарзда табриклаб, муваффақият тилади.
Халқаро анжуманда фалсафа фанлари доктори, Малайзиянинг Утара университети профессори Муҳаммад Ғузали Ҳасан, фалсафа фанлари доктори, Тошкент шаҳридаги Aджу Университети профессори Жунг Ёл Жо, иқтисодиёт фанлари номзоди, Мухтор Aвезов номидаги Жанубий Қозоғистон университети доценти Дарикул Куланова, фалсафа фанлари доктори, Жиззах шахридаги Қозон (Волгабўйи) федерал университети профессори Галина Колесникова, техника фанлари номзоди, Мухтор Aвезов номидаги Жанубий Қозоғистон университети доценти Хайрулла Исмаилов, Италиянинг Каляри университети профессори Сантҳош Парамасивамлар иштирок этишиб, илм-фан тараққиёти, илмий инновацион ёндошувлар ва стратегик таҳлиллар мавзуларида олиб бораётган илмий ишлари бўйича илмий маърузалар қилишди.