ЖИЗЗАХ ДАВЛАТ ПЕДАГОГИКА УНИВЕРСИТЕТИ 50 ЁШДА

Бу йил Жиззах давлат университети ташкил топганлигининг 50 йиллиги нишонланмоқда. Ярим аср давомида мазкур илм даргоҳида илм-фан, таълим-тарбия ва юрт равнақига катта ҳисса қўшган минглаб мутахассислар етиштириб чиқди. Жиззах давлат университетининг табиий фанлар факультетида кўп йиллардан буён ўз соҳаларида етакчи ўринларни эгаллаган юқори савияли мутахассислар тайёрланмоқда. Бугунги кунда Жиззах давлат университети жадал ривожланиб, ўз лабораторияларини энг янги асбоб-ускуналар ва технологиялар билан жиҳозлаяпти. Натижада табиий фанлар факултети тахсил олаётган талабалар учун жаҳон андозалари даражасида илмий изланишлар олиб бориш борасида беқиёс имкониятлар яратилмоқда.

Шунингдек, университетда талабаларни ўқув ва илмий жараёнга интеграциялашувига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ёш тадқиқотчилар ҳаётий илмий лойиҳаларда иштирок этиш, инновацион ечимларни ишлаб чиқиш, тажрибали ўқитувчи ва олимлар билан ёнма-ён ишлаш имкониятига эга. Иқтидорли талабалар илмий изланишлар олиб бориб, илмий мақолалар чоп этмоқдалар. Бу эса кадрлар тайёрлаш сифати ва касбий истиқболларини сезиларли даражада яхшилайди.

Шуни таъкидлаш жоизки, фақат назарий билимларни ўрганиб қолмасдан балки амалий тадқиқотларда фаол иштирок этиш талабаларга халқаро миқёсда рақобатбардош бўлиш имконини беради. Университетда талабаларнинг салоҳиятини юзага чиқариш, замонавий ресурслар, илмий маълумотлар базалари ва амалиёт ўташ имкониятларидан фойдаланиш учун барча шарт-шароит яратилган. Ўтган 50 йил давомида Табиий фанлар факултетида илм-фан ва технология ривожига ўз ҳиссасини қўшишда давом этаётган кўплаб иқтидорли олимлар етишиб чиқди.

Бугунги кунда Жиззах давлат университети ўз тараққиётини давом эттириб, янги марралар сари интилмоқда. Зеро кишилик жамияти тинмасдан ривожланишда давом этмоқда ва фақат олдинга интилган таълим даргоҳларигина мураккаб ва  шиддатли замоннинг талабларига жавоб бера олади.

50 йиллик юбилейни нишонлаш нафақат босиб ўтилган шарафли йўлни эслаш ва ҳурмат бажо келтиришдан иборат бўлиб қолмасдан университет анъаналарини давом эттирадиган, илм-фан ва таълим ривожига ҳисса қўшадиган келажак авлод талаба ва олимлари учун битма-туганмас илҳом ҳамдир.

 

У.О.Худанов,

Кимё ва уни ўқитиш методикаси кафедраси доценти.


Авторизация