“ГЕНДЕР ТЕНГЛИКНИ ТАРҒИБ ҚИЛИШГА ҚАРАТИЛГАН ЭНГ ЯХШИ НАШР”, ДЕБ ТОПИЛДИ

Жиззах вилояти ҳокимлиги Анжуманлар саройида “Йил аёли” ва “Гендер тенглик фаоли” миллий танловларининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. 

Жамият ҳаётида фаол иштирок этаётган, ҳар жиҳатдан ибратли хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни кенг тарғиб қилиш ва жамоатчиликка етказиш мақсадида ташкил этиладиган мазкур танловларда иштирок этиш истагини билдирган аёллар сафи тобора ортиб бормоқда. 

Айтиш лозимки, “Гендер тенглик фаоли” миллий танлови кўзланган мақсад:

-ҳар бир ташкилотда гендер тенгликни таъминлашга қаратилган сиёсатни шакллантириш; ташкилотлар фаолиятига гендер ёндашувларни жорий этиш;

-гендер тенгликка эришиш масалаларига жамоатчилик эътиборини кенг жалб этиш, турли тузилмалар фаолиятига гендер тенгликни сингдириш;

-гендер тенгликни таъминлаш соҳасида ташкилотларнинг илғор тажрибасини аниқлаш, умумлаштириш ва тарғиб қилиш ҳамда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш саналади. 

Жорий йилда “Жиззах овози” газетаси “Гендер тенгликни тарғиб қилишга қаратилган энг яхши нашр”, деб топилди. Бу эътироф газетанинг келгуси фаолиятида мамлакатимизда хотин-қизларнинг оила ва жамият ҳаётида фаоллигини ошириш, ҳуқуқларини муҳофазалаш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратиб келаётган эътиборнинг янада кенг ўрин эгаллашига замин яратади.

 

Гавхар Саъдуллаева.


Авторизация