ЎЗБЕК “ҚИЗИЛ ОЛТИНИ”НИ ҚАЙТА ИШЛАШ ЯНАДА КЎПАЯДИ

Жорий йилнинг 8 октябрь куни Жиззах вилоятининг Бахмал туманида заъфарон плантациясини кенгайтириш, қуритиш ва қайта ишлашни ташкил этиш лойиҳасининг очилиш маросими ҳамда заъфарон туганак пиёзбошиларини намунавий экиш тадбири ўтказилди. 

Заъфарон инсон саломатлиги учун тенгсиз хусусиятларга эга ўсимлик. Қадимдан ушбу гиёҳ зираворлар султони ёки “қизил олтин” дея эътироф этилиб, қиймати юқори баҳоланиб келинади. 

Эътиборлиси, мамлакатимизда ташкил этилган заъфарон плантациялар жаҳон миқёсида яхлит ҳудудда жойлашган плантацияларнинг энг йириги ҳисобланади.

Президентимизнинг шу йил 8-9 апрель кунлари Жиззах вилоятига амалга оширган ташрифи давомида заъфарон плантацияларининг умумий ер майдонини 2 минг гектарга етказиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди. Жумладан, Бахмал, Ғаллаорол ва Зомин туманларида қўшимча 1,6 минг гектарда заъфарон плантацияларини ташкил этиш белгиланди.

BMB HOLDING томонидан Италиянинг “FIN.OPERA SRL” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳанинг умумий қиймати 120 млн. еврога тенгдир. Бунинг учун 70 млн. евро миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар, 37 млн. евро ташаббускор маблағи ҳамда 13 млн. евро ҳажмида Ўзсаноатқурилишбанк кредит маблағлари жалб қилинди. 

Ўтган давр мобайнида мазкур лойиҳа доирасида 60,8 млн. евро инвестициялар ўзлаштирилиб, қарийб 120 та доимий ва 25 мингта мавсумий иш ўринлари яратилди.

Шу билан бирга, лойиҳа ташаббускори томонидан қўшимча равишда киритилган 5 млрд. сўм сармоя ҳисобига 2,5 км.га яқин йўлларга бетон қопламаси ётқизилиб, 25-30 км узунликда электр тармоқлари тортилди. Натижада, ҳудуд аҳолиси учун ҳам равон йўллар ва электр энергиясидан фойдаланиш имконияти пайдо бўлди.

Бугунги кунда холдингга қарашли корхоналар томонидан йигирмага яқин заъфаронли маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, улар “BMB Za’faron” бренди остида дунёнинг кўпгина давлатларига экспорт қилинмоқда.

Бунинг учун маҳсулотлар Италия, Франция, Нидерландия ҳамда Корея давлатларидаги илғор лабораторияларда икки босқичли чуқурлаштирилган текширувлардан ўтказилди, ISO 3632-1/2011 халқаро стандарти асосида 1-тоифа сифат даражаси сертификатини олди.

Шунингдек, заъфарон плантациясида маҳсулотни экиш, етиштириш, агротехник тадбирларни ўтказиш, териб олиш, қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш жараёнлари Нидерландиянинг “Control Union Certifications” ташкилоти томонидан ҳам ўрганилди. Натижада, “BMB Za’faron”га “USDA ORGANIC” сертификати берилди.

Қолаверса, ўзбек “қизил олтин”ини дунёнинг энг йирик бозори – Хитойга экспорт қилиш бўйича ҳам Ўзбекистон ва Хитой идоралараро комиссияси хулосасига кўра рухсатнома олинган.

Европа ва АҚШ бозорларига эса, Италияда ташкил этилган қўшма корхона томонидан “ORO ROSSO Milano” бренди остида экспорт қилинмоқда.

Заъфарон плантациясида туганак пиёзбошиларини намунавий экиш тадбирида жорий йилги экиш жараёни 20 сентябрда бошлангани, мавсум якунига кўра плантациялар умумий майдони 700 гектарга етказилиши режалаштирилгани маълум қилинди.

Иштирокчилар заъфарон майдонларида польшалик мутахассислар билан ҳамкорликда синов тариқасида қўлланила бошланган “AgroNanoGel Basic” гидрогель тизими билан таништирилди.

Таъкидланишича, гидрогель ўсимликлар учун сув заҳираси саналади. Унинг қўлланилиши вегетация даврида ўсимликлар учун оптимал сув шароитини ҳозирлаб, унинг сарфини 45 фоизгача тежайди.

 

Саид Донишев,


Авторизация