Фориш туманидаги “Эгизбулоқ” маҳалласи ҳудудида “ЖИЗЗAХ СЕМЕНТ” МЧЖ томонидан “Семент ишлаб чиқариш” лойиҳасининг очилиш маросимида бўлиб ўтди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, чет эл инвестицияларини жалб қилиш орқали қўшимча қиймат яратиш борасида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Aйниқса, 2021 йилдан бошлаб 20 август – тадбиркорлар куни деб белгиланиши юртимизда барча соҳалар қаторида тадбиркорларни ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида йўлга қўйилган ислоҳотларнинг ёрқин намунасидир.
Жорий йилда ҳам мазкур сана арафасида ҳурматли Президентимиз Қорақалпоғистон Респуликасининг Нукус шаҳрида тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқотида тадбиркорликни янада ривожлантириш, бизнес муҳитини яхшилаш борасида муҳим асосий бешта йўналишни белгилаб берилганлиги, тадбиркорларга қарата “Мен сизларни фаровон ҳаётимиз бунёдкорлари, деб биламан ва бу йўлда сизлар билан доим биргаман” деган таъкиди соҳа ходимларига улкан ишонч юклади.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, тадбиркорларга яратиб берилган имкониятлар натижасида Жиззах вилоятида сўнгги 7 йил ичида фаолиятдаги саноат корхоналари 1,7 баробар кўпайиб, уларнинг сони 467 тага етди. Мазкур саноат корхоналарининг ишлаб чиқариш ҳажми 2017 йилда 2,5 трлн сўмни ташқил қилган бўлса, 2023 йил якуни билан саноат маҳсулотлари ҳажми 7,6 баробар ортиб, 19 трлн сўмга етди. Жорий йил якуни билан эса 23,1 трлн сўмга етказиш режалаштирилган.
Aҳамиятлиси, 6-7 йил аввал вилоятда 341 турдаги саноат маҳсулотлар ишлаб чиқарилган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 2,4 баробар ортиб 838 тани ташкил қилмоқда.
2024 йил 1 август ҳолатига рўйхатдан ўтган кичик бизнес субйектлари сони 28,2 мингтани ташкил қилиб, жорий йилнинг 7 ойи давомида янги 3,3 мингта янги кичик бизнес субектлари фаолият бошлади. Уларда банд бўлган аҳоли сони эса қарийб 212 минг нафарга етди.
Фориш тумани нафақат Жиззах вилоятида балки мамлакатимизда ҳам саноатлашган туманга айланиб бормоқда. Ушбу ҳудудда “Эгизбулоқ” саноат зонаси ташкил этилиб, зарур инфратузилма (электр, йўл ва шу кабилар) билан таъминлаш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда.
Туманда тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва инвесторлар маблағлари ҳисобидан бир қанча замонавий саноат корхоналари бунёд этилмоқда. “ЖИЗЗAХ СЕМЕНТ” масъулияти чекланган жамиятининг янги семент ишлаб чиқариш лойиҳасининг қиймати 150 млн. AҚШ долларини ташкил этиб, корхона тўлиқ ишга тушгач, йилига 2 миллион тонна семент ишлаб чиқарилади ҳамда 450 нафар янги иш ўринлари яратилади.
Мазкур лойиҳада дунёнинг энг сўнгги илғор энергия тежамкор технологиялари ҳисобланган яъни, ишлаб чиқариш линиясида юқори ҳароратли печидан атмосферага ажралиб чиқадиган иссиқлик ва зарарли газларни қайта ишловчи тизими ўрнатилган. Бу эса ўз навбатида, ишлаб чиқариш заводининг экология ва атроф-муҳитга салбий таъсирини олдини олиш учун хизмат қилишга ҳамда электр энергияси сарфини 30-35 фоизга қисқартиришга эришилиб, ички ва ташқи бозорларни рақобатбардош, ҳамёнбоп семент маҳсулотлари билан таъминлашга хизмат қилади.
Тадбиркорлар кунида бундай йирик саноат корхонасининг қурилиш ишлари якунланиб, асбоб-ускунлар олиб тўлиқ келинган, лойиҳа доирасида 450 - 500 маркали юқори сифатли семент маҳсулоти ишлаб чиқариш бошланганлиги Мустақиллигимизнинг 33 йиллигига ажойиб туҳфа бўлди.
(Ўз мухбиримиз)