ТАНЛАГАН КАСБИМДАН РОЗИМАН

Танлаган касбимдан розиман


Маданият ва санъат соҳасида 63 йилдан бери меҳнат қиламан. Халқимиз фарзандларини илмли, салоҳиятли, етук инсонлар қилиб тарбиялашдек шарафли, савобли ишга қайсидир даражада ҳисса қўшганимдан хурсандман. Вилоятдаги мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчиларини мусиқа санъатига қизиқтириш мақсадида шаҳар ва туманларда кўплаб мусиқий учрашувлар ва концертлар ташкил қилдим. Халқ чолғулари йўналишига оид бир қанча услубий қўлланмалар яратдим. Жумладан, “Ўзбек халқ чолғулари оркестри тўғрисида”, “Услубиёт фанидан” ва “Шарқ халқлари мумтоз мусиқа маданияти ва шашмақом” мавзуларидаги услубий қўлланмаларим ҳозирда мутахассислик соҳасида ўқитувчи ва ўқувчилар томонидан самарали фойдаланилмоқда.

Кейинги йилларда юртимизда Давлатимиз раҳбари томонидан мақом санъатини асраб-авайлаш, келгуси авлодга етказиш борасида жуда катта ишлар амалга оширилмоқда. Мақом санъатини илмий ўрганиш, халқаро миқёсда тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳар қанча таҳсинга лойиқ. Шу йили Зомин туманида бўлиб ўтган II Халқаро мақом санъати анжуманида бунга яна бир карра гувоҳ бўлдик.

Бугун танлаган касбимдан розиман. Қилган меҳнатларим, чеккан заҳматларим бесамар кетмади. Мамлакатимиз Президентининг Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида бир гуруҳ соҳа фидойиларини Давлат мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисидаги Фармонга имзо чекдилар. Тақдирланганлар орасида исм-шарифимни кўриб қувондим. Ҳали халқимиз олдида, уларнинг фарзандларини маданиятли, илмли, фозил инсонлар қилиб тарбиялаш борасида фидойилик билан хизмат қиламан.


Рустам ИБРАГИМОВ,

II даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби,

Жиззах ихтисослаштирилган санъат

мактабининг чанг синфи ўқитувчиси.


Авторизация