“МАҲАЛЛА КАРВОНИ” ТАРҒИБОТ ТАДБИРИ Ўзбек

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ташаббуси билан мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан ҳудудларда “Маҳалла карвони” тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Мазкур тадбирнинг навбатдаги манзили Жиззах вилоятининг Бахмал тумани бўлди. 

“Маҳалла карвони” тарғибот тадбири туман аҳли учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик билан бошланди. Бахмал маҳалла фуқаролар йиғинидаги 3-оилавий поликлиникада ўтказилган кўрикка малакали тиббиёт мутахассислари жалб этилиб, аҳоли, айниқса болалар саломатлиги асосий эътибор марказига қўйилди. 

Бахмал қишлоқ фуқаролар йиғинида 8,5 минга яқин аҳоли истиқомат қилади. Тадбирда чекка ҳудуддаги ўзгаришлар, маҳаллалар ободлиги, йўл ва бошқа инфратузилмаларнинг тараққий этиб бориши, ёшларнинг бугунги ютуқлари, мақсад ва орзулари эътироф этилди. Ёшлар учун турли спорт мусобоқалари, “Заковат” интеллектуал ўйини, ҳунармандчилик ва тадбиркорлик кўргазмалари, бўш иш ўринлари ярмаркаси каби тадбирлар билан ҳудудга кириб борган маданият карвони одамларнинг кайфиятини кўтаришга, ёшларнинг қизиқиши ва интилишларини янада оширишга хизмат қилди. 

Тадбирда фаол иштирокчилар ташкилотчиларнинг эсталик совғаларига эга бўлишди. Юртдошларимизга байрамона кайфият бахш этган тарғибот тадбири эл суйган санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури билан янада жонланди. Тоғли қишлоқда осмон бағрини ёритган мушакбозлик тадбир хотираларини янада мустаҳкамлаб қўйди. 

 

Саид Донишев


Авторизация