БОР МЕҲРИМИЗ ШУ ВАТАН, ШУ ХАЛҚ УЧУН

   Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ташаббуси билан Жиззах вилоятида “Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!” шиори остида тиббий кўриклар ташкил қилинди.

   Республикамизнинг етакчи ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва муассасаларидан соғлиқни сақлаш тизимининг турли йўналишлари бўйича эллик нафар шифокорлар 2 кун давомида жиззахлик ҳамкасблари билан бирга вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидаги кўп тармоқли марказий поликлиникаларида тиббий кўрикларни ташкил этди. 

   Биринчи куннинг ўзида 8 та, кейинги кун эса яна 5 та ҳудудда тажрибали кардиолог, эндокринолог, онколог, невропатолог, травматолог, хирург, гинеколог, отоларинголог, педиатр сингари мутахассислар аҳоли саломатлигини тиклаш юзасидан зарурий текширувлар ўтказиб, қимматли маслаҳатлар беришди.

   -Шароф Рашидов тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли 29-оилавий поликлиникада куннингбиринчи ярмининг ўзида 500 нафардан зиёд аҳоли келиб, ўз саломатликларини текширувдан ўтказишди. Улардаги ана шу фаолликнинг ўзи ҳам кишилар ўртасида тиббий маданиятнинг нечоғли ўсиб боратганлигидан далолат беради. Биз мазкур тиббий кўрик натижаларига кўра соғломлаштириш режаларини тузиб, даволаниш жойи ва мутахассисларини ҳам белгилаб берамиз, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош ҳамшираси Шаҳноза Зуҳурова.

   Бундан ташқари аҳолига соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, тўғри овқатланиш, зарарли одатлардан воз кечиш, жисмоний фаолликни ошириш, мактаб ёшидаги болалар учун “Тоза қўл”, “Соғлом тишлар” мавзуларида оммавий тарғибот ишлари ҳам олиб борилди.

   Ўрни келганда эътироф этиш жоизки:

   - Бундан бир неча йил аввал оддий қон таҳлили учун ҳам вилоят марказига боришга тўғри келар эди. Тиббиёт соҳасида амалга ошрилаётган ислоҳотлар боис, Республикамиз марказидан тажрибали мутахассислар барча зарурий тиббий-техник воситалар билан жойларга ташриф буюриб, аҳоли соғлигини тиклаш борасида самарали ишларни амалга оширишяпти. Бундан жуда ҳам миннатдормиз, - дейди 2-гуруҳ ногирони Дилором Ҳурматова.

 

Саид Донишев


Авторизация