Жиззах вилоятида авто-мото ва спорт туризмини ривожлантириш мақсадида “DRIVE INFO-FORUM” доирасида “DRIFT SHOW CARAVAN” лойиҳаси ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 12 январдаги “Республикага хорижий туристлар оқимини кескин ошириш ҳамда ички туризмни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, авто-мототуризм турларини ривожлантириш ва қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, йил давомида автотуризм йўналишга доир халқаро ва маҳаллий тадбирларни ташкил этиш орқали Жиззах вилоятининг туризм жозибадорлигини хорижий давлатларга тарғиб қилиш, вилоятга республика ҳудудларидан маҳаллий туристлар ташрифини ташкил этиш вазифалари белгиланган.

Шундан келиб чиқиб, Жиззах вилоятида туризм сохасини жадал ривожлантиришда вилоят ҳокимлиги ва Ўзбекистон авто-мото туризм ассоциацияси билан ҳамкорликда Жиззах шаҳридаги “Ёшлар шаҳарчаси” ҳудудида “DRIFT SHOW CARAVAN” лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган эди.

-Ушбу лойиҳани вилоятда амалга ошириш орқали қўшни давлатлар билан авто-мототуризми йўналишларида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, ўзаро дўстлик ва яқинлик муносабатларини мустаҳкамлаш, Жиззах вилоятини келгусида мамлакатнинг авто-мото ва спорт туризми маркази этиб белгилаш, вилоятимиз ёш авлод вакилларининг орасида соғлом рақобатни шакллантириш, спорт туризмига қизиқтириш, ўзаро маданий яқинлашувига эришиш, уларда туризм соҳасига бўлган қизиқишларини янада кучайтириш мақсад қилинган, - дейди вилоят Туризм бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Азизбек Эгамбердиев.

 Жиззах шаҳар ҳокимлиги, вилоят Туризм бошқармаси ҳамда Ўзбекистон авто-мототуризм ассоциацияси томонидан ўтказилган DRIVE INFO-FORUM доирасидаги DRIFT SHOW CARAVAN лойиҳасида мамлакатимиздан ташқари қўшни Қозоғистон ва Тожикистондан келган 50 нафарга яқин махсус автотранспортлар жиззахлик автомобиль ишқибозлари учун турли хил дрифт шоулар билан уларнинг янада қизиқишлари ортишига сабабчи бўлди.

Тадбир доирасида мутасаддилар билан келгусида вилоятда авто-мототуризмни ривожлантириш борасидаги янги келишувга ҳам эришилди.

  

Саид Донишев


Авторизация