ЗОМИН ЯНА МЕҲМОНЛАР БИЛАН...

Кечагина II Халқаро мақом санъати анжуманига мезбонлик қилган Зомин, энди ёш истеъдодларнинг анъанавий семинарига мезбонлик қилмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Республика ёш ижодкорларининг Зомин семинари бир неча йиллардан буён иқтидорли ёшларни кашф қилишда хизмат қилиб келмоқда. Бу йил ҳам анжуман анъанага кўра “Ўриклисой” оромгоҳида – сўлим табиат бағрида бошланди.

-Давлатимиз раҳбарининг “Ёш ижодкорларнинг мустақил Ватан адабиётига Жиззах диёридан қўяётган қадамлари қутлуғ бўлсин!” деган сўзлари семинарнинг бош шиорига айланди, - дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Жиззах вилоят бўлими масъул котиби Меҳрибон Абдураҳмонова. – Бу гал ҳам ижод оламига энди қадам босаётган келажагимиз эгалари адабиётимизнинг бугунги кундаги буюк дарғаларидан ўринли маслаҳат, зарурий кўникмалар, сабоқлар оладилар.

Семинарда юртимизнинг турли ҳудудларида яшаб ижод қилаётган 80 нафарга яқин ёшлар, атоқли адиблар номлари билан аталадиган ижод мактабларидан 50 нафарга яқин ўқувчилар иштирок этмоқда. 

Анжуманда иштирокчилар назм, наср, бадиий публицистика, бадиий таржима, болалар адабиёти, драматургия ва адабий танқид каби йўналишлар бўйича устозлардан сабоқ оладилар.

Тадбир доирасида ёш ижодкорларнинг таниқли адиблар, адабиётшунос олимлар билан ижодий учрашувлари, мушоиралар, янги нашр этилган китоблар тақдимоти ҳам ўтказилиши режалаштирилган.

Бир сўз билан айтганда, бутунлай янгича руҳда ўтказилаётган бу галги семинарда ҳам яна кўплаб истеъдод эгалари кашф этилишига ишонамиз.

 

Саид Донишев


Авторизация