Юртимизда мўмин-мусулмонларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари, ўз зиммаларидаги диний арконларни адо этишлари учун барча шароитлар яратилган. Бугун барча вилоятларда бўлгани каби Жиззахда ҳам Қурбон ҳайити намозини кўтаринки руҳда адо этиш учун жоме масжидлар жамоаси, маҳаллий ҳокимликлар, жамоат транспорти хизмати ва нодавлат ташкилотлари ходимлари намозхонлар учун қулай шарт-шароитларни яратиб беришга алоҳида эътибор қаратишди.
“Қўшчинор” жоме масжиди ўқилган Қурбон ҳайит намозида вилоят бош имом хатиби Меҳмонхон Жабборов Президентимизнинг Қурбон ҳайити муносабати билан мамлакатимизнинг барча мусулмонлари ва Ўзбекистон халқига йўллаган байрам табриги хусусида алоҳида тўхталиб ўтди. Тинч ва осуда юртда яшаётгани, хотиржам ибодатлар қилаётгани, юрт бошига оқил, халқпарвар раҳбарни ато этганлиги учун Аллоҳга беҳисоб шукурлар айтилди.
Муборак Қурбон ҳайити ва бу кунда Аллоҳ таоло жамоат бўлиб ўқишни буюрган ҳайит намози 42 мингдан ортиқ жиззахлик намозхонлар билан вилоятдаги 169 та жоме масжидида бир вақтда адо этилди.
Шунингдек, ҳар бир жоме масжид имомлари Қурбон ҳайити байрами тарихи, муқаддас Ислом дини буюрган ибодатлар, мамлакатимизда ушбу дин ривожи, маънавий қадриятлар юксалиши йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар, мамлакатдаги бугунги фаровон ҳаётнинг мазмун-моҳияти ҳақида амри-маъруф қилиниб, Қурбон ҳайитини муносиб нишонлаш, бу кунни улуғ байрам сифатида яхши кайфиятда ўтказиш лозимлигини, гина-кудратлар унут бўлиши, имконияти борлар қурбонликлар қилиб, эҳтиёжманд, кам таъминланган, бева-бечора, етим-есирларга эҳсон этишлари лозимлиги алоҳида қайд этилди.
Яна шуниси аҳамиятлики, Давлатимиз раҳбари топшириғи билан бугун саҳар соат 3:00 дан соат 10:00 гача барча жамоат транспортлари фуқароларга бепул хизмат кўрсатди. Йўллардаги тирбандликларнинг олдини олиш, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, намозхонларнинг саломатлигини назорат қилиш учун вилоят ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги, соғлиқни сақлаш бошқармалари ходимлари ва бошқа мутасаддилар беминнат хизмат кўрсатишди. Бу хайрли ишлар самарасида Қурбон ҳайити намозини жамоат бўлиб, осойишталикда ўқиш бахтига муяссар бўлдик. Ана шундай улуғ кунларга етказганига Яратганга беҳисоб шукурлар бўлсин!
Саид ДОНИШЕВ