ТАДБИРКОРЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШГА ХИЗМАТ ҚИЛУВЧИ ЭКСКУРСИЯ

   Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш бўйича жойларда тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жиззах вилоят солиқ бошқармаси ва Ёшлар иттифоқи вилояти Кенгаши ҳамкорлигидаги навбатдаги тадбир Жиззах шаҳридаги “Бону ширинликлари” фабрикасига экскурсия тарзида ташкил этилди.

    – “Бону ширинликлари” фабрикаси бугунги кунга келиб йирик ишлаб чиқарувчига айланди ва “Бонни” бренди остидаги маҳсулотларнинг асосий қисмини экспорт ташкил этаётганини ёшларимиз ўз кўзлари билан кўриб, гувоҳи бўлишларини режалаштирган эдик, – дейди вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Бегзод Тошпўлатов. – Бугунги тадбир иштирокчиларининг фикрларидан келиб чиқиб хулоса қиладиган бўлсак, ёшларимиз учун уюштирган ушбу экскурсия орқали уларнинг оилавий бизнес, тадбиркорлик билан шуғулланишга, касб-ҳунарга бўлган қизиқишини орттиришнинг оз бўлсада уддасидан чиқдик, деб ўйлайман. 

    Маълумот учун: “Бону ширинликлари” фабрикаси 2009 йили дастлаб оилавий тадбиркорлик сифатида ташкил этилган бўлиб, “Халқ банки”дан фаолият кўламини кенгайтириш ҳамда замонавий ишлаб чиқариш ускуналарини сотиб олиш учун қарийб 10 миллиард сўм кредит олинган. Фабрикада ҳозирги кунда юздан зиёд турдаги қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Ушбу маҳсулотлар эндиликда қўшни ва яқин хорижий мамлакатларга, жумладан, Афғонистон, Туркманистон, Тожикистон, Қирғиз Республикаси, Озарбайжон ва Хитой давлатларига ҳам экспорт қилиняпти.

 Саид Донишев


Авторизация