СОЛИҚ ТЎЛОВЧИ ҚАНДАЙ ҲОЛЛАРДА СУДГА МУРОЖААТ ҚИЛАДИ?

Солиқ тўловчилар ушбу солиқ турларининг мақсади ва қандай тартибда ўтказилишини билиб олишлари муҳим аҳамиятга эга.

Камерал солиқ текшируви — солиқ тўловчилар (солиқ агентлари) томонидан солиқлар ва йиғимлар тўғри ҳисобланишини, ўз вақтида ва тўлиқ бюджет тизимига тўланишини текшириш мақсадида солиқ тўловчи, солиқ агентлари томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботларини ва (ёки) солиқ органида мавжуд бўлган солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисидаги бошқа маълумотларни ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида солиқ органи томонидан ўтказиладиган текширув ҳисобланади.

Сайёр солиқ текшируви — солиқ органлари томонидан солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш соҳасида солиқ тўловчиларнинг айрим мажбуриятларини, шунингдек, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа мажбуриятларини бажариш бўйича ўтказиладиган текширув бўлиб, унда ҳисобга олиш ҳужжатларининг, товар-моддий қимматликлар ва пул маблағлари ҳаракатининг, шунингдек, солиқ тўловчининг фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа ахборотнинг таҳлили ўтказилади.

Солиқ аудити — солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) муайян даврдаги молия ва солиқ ҳисоботларининг солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига барча жиҳатлардан мувофиқлиги ва ҳаққонийлигини, солиқ солиш мақсадларида бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш мақсадларида ҳисобга олишда солиқ мажбуриятларининг тўғри шакллантирилиши ва акс эттирилишини солиқ органи томонидан ўтказиладиган ўрганиш орқали солиқларни тўғри ҳисоблаш ва тўлашнинг тўғрилигини текширишдир.

Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси 231-моддаси 4-қисмига кўра, солиқ органининг сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилган қарорлари устидан суд тартибида шикоят қилиш фақат юқори турувчи солиқ органига шикоят қилинганидан кейингина  мумкин бўлади.

Ушбу Кодекснинг 235-моддасига кўра, юқори турувчи солиқ органи шикоятни олган кундан бошлаб бир ой ичида қарор қабул қилиши шарт. Ушбу муддат зарур бўлган ҳужжатлар ва ахборотни олиш учун 15 кундан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин.

Агар солиқ тўловчи юқори турувчи солиқ органининг қароридан норози бўлган тақдирда судга мурожаат қилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 4-моддасига кўра, ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун маъмурий судга (судга) мурожаат қилишга ҳақли.

Акмал УРИНОВ,

Жиззах туманлараро маъмурий

судининг раиси

Мизроб Бахриев,

Жиззах туманлараро маъмурий

судининг судьяси


Авторизация