Тинчлигини йўқотган мамлакат асло хотиржам бўла олмайди. Тинчлик-хотиржамлик – тараққиёт гаровидир. Биз азал-азалдан тинчликсевар халқмиз. Бизда ҳамиша тинчлик қадрланади. Ота-боболаримиз дуо қилаётганда ҳам ҳамиша тинчлик-хотиржамлик бўлсин, дея таъкидлашади. 9 майни Хотира ва Қадрлаш куни тарзида умумхалқ байрами сифатида нишонлаб келаётганимиз замирида ҳам айнан ана шу эзгу мақсад ётибди.
Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистондан 1 миллион 400 мингдан зиёд ҳамюртимиз иштирок этди. 600 мингдан ортиғи уйига ногирон бўлиб қайтди, 450 мингдан ортиқ ватандошимиз қонли жангларда ҳалок бўлди.
Иккинчи жаҳон уруши тугаганига 79 йил тўлди. Орамизда шу ёшдан катта бўлганларгина уруш даврини кўрган. Бироқ, ғалабага эришилганидан кейинги йиллар осон кечди, деб ўйлайсизми? Ёки бу жангу жадаллар асоратлари бир умр одамлар қалбида чандиқ бўлиб қолмадими? Ким ҳам урушда ҳалок бўлган жигарини унута олади?
Инсон бор экан, хотира – муқаддас. Ҳеч ким, ҳеч нарса эсдан чиқмайди. 7 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида” Фармони имзоланди. Фармонга кўра мамлакатимизда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиши, шунингдек, иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, бугун ҳам сафимизда туриб, Ватанимизнинг обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 79 йиллиги муносабати билан уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш тўғрисида сўз борган.
Жиззах шаҳридаги “Хотира хиёбони”да 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан вилоят ҳокимлиги, меҳнат фахрийлари, корхона ва ташкилотлар жамоалари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гул қўйиш учун тўпландилар.
Маросимни вилоят ҳокими Эргаш Салиев сектор раҳбарлари, вилоят фаоллари иштирокида юрт ҳимояси йўлида жон фидо қилган аждодларимиз хотираси учун гул қўйиш билан бошлаб берди. Оркестр садолари остида Ватан ҳимоясининг рамзи бўлган Мотамсаро она сиймосига ҳурмат бажо келтирилди.
Шундан сўнг вилоят ҳокими Эргаш Салиев ва Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, полковник Фаррух Зиябоевлар Шароф Рашидов туманидаги Қўшкўприк маҳалласида яшовчи иккинчи жаҳон уруши фахрийси Мамашариф ота Сиддиқов хонадонига ташриф буюришди. Вилоят ҳокими Ўзбекистон Республикаси Президентининг табригини ўқиб эшиттириб, отахонга аталган пул мукофотини топширди.
Саид Донишев,
Ботир ҚУДРАТОВ олган суратлар