МЕН АНГЛАГАН ҲАҚИҚАТЛАР

Ички ишлар органлари тизимидаги узоқ йиллик фаолиятим давомида ҳаётнинг жуда кўп ҳақиқатларини англадим. Чунончи, қонунбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш учун билим, жисмоний ва жанговар салоҳиятнинг ўзи камлик қилар экан. Яъни, касбингни севмасанг, ишингдан завқ туймасанг, кўзланган мақсадингга етишишинг оғир кечади.

Қолаверса, кўзи қонга тўлган, нафси йўлида ҳеч нарсадан тап тортмайдиган жиноятчига қарши турмоқ, унинг зулмидан кимнидир ҳимояламоқ учун жасорат керак. Асосийси, юртни севишинг, юрагинг эл ишқида ёниши зарур. Ана шунда хизматингнинг қийинчиликлари, машаққатлари сезилмайди, олға интилишга ўзингда куч топасан. 

Яна шуни англадимки, Ватан равнақи ҳамда халқ осойишталигини таъминлаш борасида қилинган меҳнат, албатта, ўз эътирофини топади. Ўзим мисолимда айтадиган бўлсам, республикамиз Президентининг шу йил 24 октябрдаги “Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ ходимларни мукофотлаш тўғрисида”ги фармони асосида “Шуҳрат” медали билан тақдирландим. Табиийки, бундайин эътибор кўнглимни ғурурга тўлдирди.

 Жойи келганда айтиш керак, соҳадаги хизматимни 2007 йилда Зафаробод тумани ИИБ ташкилий бўлинмасида бошлаганман. Сўнг Пахтакор тумани ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси таянч пунктлари профилактика инспектори, катта профилактика инспектори, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси бошлиғи, туман ИИБ бошлиғининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси масалалари бўйича ўринбосари лавозимларида фаолият юритдим. 2021 йилдан буён Арнасой тумани ички ишлар бўлими бошлиғининг ўринбосариман. 

Мен  англаган яна бир ҳақиқат шуки — тинчлик бор жойда тараққиёт бўлади. Осойиш гўшада бола кулгуси янграйди, ота-она қалби фарзанд камолидан қувончга тўлади. Қонунни ҳимоялаётганлар элга шундайин саодатни бахш этади. Мен ана шу бахтни туйиб яшаётганлар сафидаман.

Яна комил ишонч билан айта оламанки, давлатимиз раҳбарининг “Одамлар ички ишлар органининг ҳар бир ходимида ўзининг ҳимоячисини кўриши керак”, деган даъвати бугун соҳанинг ҳар бир вакилининг ҳаётий шиорига айланган. Қисқаси, бу йилги касб байрамимиз менга икки баробар қувонч бахш этди. 

Ўз навбатида, халқимизнинг, Президентимизнинг ишончини оқлашга,  жамоат хавфсизлиги ва осойишталикни таъминлаш, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, профилактика ишлари самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган вазифаларимни садоқат ва шижоат билан бажаришга ваъда бераман. 

 

Зафар ДЎСТОВ, 

Арнасой тумани ички ишлар бўлими

бошлиғининг ўринбосари, майор.


Авторизация