ЁРУҒ ОРЗУ-УМИДЛАР КУРТАК ОЧАДИГАН ФАСЛ

Мустақил Ўзбекистон заминига асрлар мобайнида биз учун эзгулик тимсоли, инсон қалбида бунёдкор, ёруғ орзу-умидлар куртак очадиган фасл – Наврўзи олам кириб келди. Инсон қадри диққат марказига қўйилган янги Ўзбекистонда мозий ва келажакни ўзида ифода этган кўп йиллик меросимизга ҳурмат устуворлик тусини олди. Бу собитлик давом этиши аниқ. 

Давлатимиз раҳбарининг “2024 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўгрисида”ги қарорида ана шундай саъй-ҳаракатлар мужассам десам, тўғрироқ бўлади. 4 мартда имзоланган ҳужжатда табиатнинг уйғониш рамзи саналмиш айём мамлакатимизда “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!” деган бош ғоя асосида кенг нишонланиши белгиланди. Ана шу ғоя тенг кунлик тантанаси Ўрта Шарқ, Кавказ, Ўрта ва жанубий Осиё ҳамда бошқа минтақалар халқлари учун аҳамиятга эга кун ҳисобланади.

Айни пайтга келиб она сайёрамизда мураккаб вазият ҳукм сураяпти. Шундай экан, ҳозирги таҳликали даврда Наврўзнинг буюк инсонпарварлик моҳияти, аҳиллик ва ҳамжиҳатликда яшаш, курраи заминни янада гўзал ва обод қилишга ундайдиган фалсафасини дунё халқларининг саъй-ҳаракатларига уйғун ва ҳамоҳанг қилиш ҳам қарз, ҳам фарз.

Умумхалқ сайиллари шаклидаги шодиёналарда борлиқнинг уйғониши, инсон ва табиат ўртасидаги муштараклик, она заминга меҳр ва этиборни акс эттирадиган, ҳамюртларимизни бугунги тинч ва осуда ҳаётимизни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга ундайдиган усуллардан фойдаланилди. 

Малакатимизда, жумладан, Жиззах вилоятининг шаҳар ва туманларида амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, одамлар онги ва дунёқарашида рўй берган ижобий ўзгаришлар Наврўзнинг боқий қадрият ва ананаларига ҳамоҳанглиги этибордан четда қолмади.

Меҳр-мурувват акциялари, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари негизида ҳам элимизда миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамлашдек эзгу ният бор.

Фасли навбаҳор замондошларимиз учун эзгулик тимсоли, янгиланиш, янги кун, янги ҳаёт разми бўлиб қолаверсин.

 

Саидбаҳром ФАЙЗУЛЛАЕВ,

Маданий-оқартув ишлари аълочиси, 

“Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби


Авторизация