Маълумки, инсон ресурсларини ривожлантириш, меҳнат бозорини ислоҳ қилиш, бандликнинг замонавий шаклларини татбиқ этиш орқали камбағалликни қисқартириш бўйича соҳада кўрсатилаётган давлат хизматлари сифатини ошириш мақсадида жорий йилда ҳукуматимиз раҳбарининг «Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида»ги Фармони ва “Камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳасида давлат сиёсатини такомиллаштириш ва самарадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” Қарори қабул қилинди.
Масалан, Президент Фармонида аҳолининг юқори даромадли барқарор иш билан бандлигини таъминлаш, ёшларнинг инновацион ва рақамли технологияларга асосланган таълим олиши ва касб-ҳунар ўрганиши, барча қатламларнинг тиббий ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиши учун шарт-шароит яратиш ҳамда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш йўналишларида комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш ҳисобига 2024 йилнинг қолган даврида 500 минг, 2025 йилда 1 миллион нафар аҳолини камбағалликдан чиқариш давлат ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг ҳамда барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи даражали вазифаси этиб белгиланган.
Шароф Рашидов туманидаги Эски Тошкентлик маҳалласида ҳам аҳолини камбағалликдан чиқариш, томорқадан унумли фойдаланиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликини ривожлантириш мақсадида 2024-йилда бир қанча ишлар амалга оширилди.
Жумладан маҳаллада мебел ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, чорвачилик, паррандачилик ва иссиқхона маҳсулотларини етиштиришни ривожлантириш мақсадида жами 31 та хонадонга 744.900.000 сўмлик имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. Бунинг натижасида 31 нафар фуқаро иш билан таъминланди ҳамда оилаларнинг ўртача ойлик даромадлари 9- 10 миллион сўмни ташкил қилмоқда.
Буларнинг натижасида маҳаллада кўплаб ободончилик ишлари амалга оширилиб, аҳолининг турмуш кечириш даражаси тобора фаровонлашмоқда.
Умиджон Шомиров,
Шароф Рашидов туманидаги
Эски Тошкентлик МФЙ хоким ёрдамчиси.